Туркия армияси Сурияда яна йўқотишга учради ва жавоб зарбаси йўллади
28 февралга ўтар кечаси Сурия армияси Жебел-аз-Завия ҳудудидаги турк ҳарбийларига зарба йўллади. Кейинроқ ушбу ҳаво зарбалари оқибатида туркиялик 33 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва 36 киши жароҳатлангани маълум бўлди. Бу ҳужумга жавобан Туркия Сурия армияси позицияларини ўққа тутди. Хусусан, турк ҳарбийлари Сурия ҳукуматининг Идлиб шарқида турган ҳарбий конвойини йўқ қилгани маълум қилинди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маъмуриятидагилар жавоб зарбалари йўллашда давом этилишини билдиришди. Мамлакат вице-президенти Фуат Ўктой Анқара Сурия президенти Башар Асаддан ҳарбийлар ўлими учун қасос олиши ва бу сурияликларга жуда қимматга тушишини билдирди. Ўктой сурияликлар президентини террорчи давлат раҳбари деб атади ва Асад жаҳон тарихига ҳарбий жиноятчи сифатида киришини айтди.
Аввалроқ февраль ойида Эрдўған ҳам Туркия бу ҳудудни Асадга бериб қўймаслиги ва Идлибни турклар учун ҳам, Сурия халқи учун ҳам хавфсиз ҳудудга айлантирмоқчилигини маълум қилганди. У Сурия армияси ҳарбий ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлган турк аскарлари учун қасос олинишига ваъда берганди.

Россия бу ҳужумни жангарилар билан боғлади
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Сурия армияси 27 февраль куни кечаси Идлибда Россия Ҳарбий-космик кучлари самолётлари иштирокисиз «Ҳаёт Таҳрир аш-Шом» («Жабҳат ан-Нусра» ўрнида ташкил этилган) гуруҳига ҳужум қилгани, бу гуруҳ бутун фронт бўйлаб ҳужумга учраганида қарши зарба билан кутиб олинганини маълум қилган. Турк ҳарбийлари Бехун аҳоли пункти яқинида ўққа учраган.
Вазирлик Суриядаги душман томонларни яраштириш маркази Анқарадан доимий равишда Туркия ҳарбийларининг Идлибдаги жойлашуви бўйича маълумотларни сўраб турганини маълум қилган. «Берилган координаталарга кўра, Бехун пунктида туркиялик ҳарбийлар бўлмаслиги керак эди», — дейилади вазирлик хабарида.
Бу хабарлар ортидан Россиянинг Қора денгиздаги флотининг «Калибр-НК» қанотли ракеталари билан қуролланган икки фрегати Ўрта Ер денгизи томон ҳаракатлана бошлади. «Адмирал Макаров» ва «Адмирал Григорович» кемалари бир вақтда Туркия қирғоқлари яқинидан Босфор ва Дарданелл бўғозларини кечиб ўтди. Севастополдан чиққан бу кемалар Ўрта Ер денгизидаги Ҳарбий-денгиз флотига бориб қўшилиши режалаштирилган.











