Тадбир иштирокчилари Афғонистондаги тинчлик жараёнида Ўзбекистоннинг роли қай даражада бўлганлиги ҳақида сўзлаб беришди.

Маркус Потцель, ГФРнинг Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича махсус вакили:

— Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми ҳисобланади. Германия Афғонистон масаласида узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда.

 Ҳамкорлик доирасида афғон ёшларини ўқитиш бўйича грантлар ажратилмоқда. Ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин мисоли сифатида бештомонлама ёндашувни тилга олиш мумкин, унга кўра Қатар, Норвегия, Индонезия, Ўзбекистон ва Германиянинг саъй-ҳаракати билан Афғонистондаги турли кучлар ва гуруҳлар ўртасида мулоқот ўрнатилмоқда.

Германия Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатилишида муҳим ўринга эга, деб ўйлайди. Айнан Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига йўналтирилган халқаро конференция ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бундан ташқари, ГФР президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил майида Ўзбекистонга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев билан Афғонистон мавзуси чуқур таҳлил қилинган эди.

«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Абдуссалом Ҳанафий ўз фикрларини ўзбек тилида баён қилди:

 — Жаноб президент Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик борасидаги ижобий ташаббусларини юқори баҳолаймиз. Афғонистон ва Ўзбекистон халқи тарихан бири-бири билан дўст ва оға-ини. Ушбу минтақада яшаётган барча мамлакатлар ва барча миллатлар бир вужудмиз. Иншааллоҳ, келажакда ҳам оға-ини бўлиб яшашимиз керак. Афғонистоннинг хавфсизлиги бу Ўзбекистоннинг ҳам хавфсизлигидир.

Қори Дин Муҳаммад, «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари:

— Узоқ йиллардан буён, қарийб 40 йилдан бери Афғонистонда уруш давом этмоқда. Бизга ва қўшниларимизга урушнинг тугаши, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши жуда муҳим. Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун ташаббуслар илгари сурганини биламиз ва бугун биз бу тарихий натижа остонасида турибмиз.