Европа миллий чемпионатларининг навбатдаги турлари ҳам қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Англияда «Ливерпуль» илк марта ютқазди, Испанияда эса класикода бу сафар «Реал» устун келди.

Аввалгиларига ўхшамаган класико

Фото: Getty Images

Ўйин олдидан «Барселона»нинг имкониятлари юқорироқ баҳолангани табиий. Биринчидан, «Реал» сўнгги ҳафтани жуда ёмон ўтказди – Ла Лигадаги йўқотишлар мадридликларни турнир жадвали пешқадамлигидан тушириб юборди, ЕЧЛда ҳам вазият ёмонлашди. Иккинчидан эса, «Бернабеу» сўнгги йилларда «Барселона» учун қулай стадион бўлиб қолганди. Агар фақат чемпионат баҳсларини олсак, сўнгги ўн йилда «Реал» фақат икки марта ғалаба қозонган, уларнинг ҳам сўнггиси 2014 йилнинг охирига тўғри келади.

Лекин бу оқшом «Реал»га бағишланди. Айниқса, ҳисобни ёш бразилиялик ҳужумчи Винисиус очгани ҳам қандайдир рамзий маъно бордек – энди класико янги босқичга, янги қаҳрамонлар билан қадам қўймоқда. Винисиус ўз голини айнан Криштиану Роналду услубида нишонлаши ўйинни стадионда кузатган португалиялик юлдуз туфайли бўлди.

«Камп Ноу»даги ўйинда ҳисоб очилмаганди. Демак, «Реал» ушбу мавсумда «Барселона»дан бирорта гол ўтказиб юбормади. Бунақаси сўнгги марта 45 йил олдин содир бўлган.

«Реал» бу ғалабадан сўнг турнир жадвалида яна пешқадам бўлиб олди. Энди навбат, Европа Чемпионлар лигасида йўқотилганларни қайтариб олишга...

«Арсенал»га аталган тур

Фото: Чемпионат.com

Бу турдаги рақиби «Манчестер Сити» Англия Лигаси кубоги финалида ўйнаши муносабати билан «Арсенал» дам олди. Аммо энг кўп хурсандчиликни ҳам айнан «Арсенал» фанатлари нишонлашди, десак муболаға бўлмайди.

Анча сокин натижалар ва хотиржамлик билан ўтган шанбани «Уотфорд» портлатиб юборди. 44 ўйинлик сериядан сўнг, «Ливерпуль» ниҳоят ютқазди. Бу билан Клопп шогирдлари худди 2003/04 йилги мавсумдаги «Арсенал» каби бир мавсумни мағлубиятсиз якунлашни уддалай олишмади. Ўша «Арсенал» рекордига етиб олиш учун яна 5 ғалабали ўйин кифоя қиларди, «Тўпчилар» ўшанда қаторасига 49 ўйинда мағлубият нималигини билишмаганди. Лекин мерсисайдликларга бу насиб этмади.