Ўзбекистон | 12:00 / 02.03.2020
2229
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг янги раҳбари ОАВ вакиллари билан учрашди

“Таъкидлашим жоиз, бугунги талаб бошқача. Биз энди ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида ишлаймиз. Матбуот анжуманлари, брифингларни мунтазам уюштириб турамиз. Энг муҳими – ОАВ билан ҳамкорлик учун тайёрмиз” – деди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Бугун, 2 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг янги иш бошлаган раҳбари — матбуот котиби, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Фурқат Маҳмудхўжаев журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашди.

Маълумот учун: Фурқат Маҳмудхўжаев 1965 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йил Тошкент давлат техника университети тугатган. 2018 йилдан Тошкент шаҳар Маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси бўлиб ишлаган.

Ўзаро танишув ва маслаҳатлашув шаклида бўлган бу учрашувда мухбирлар ўзларини қийнётган муаммолар юзасида таклифлар бердилар. Жумладан, маълумот олиш тезкорлигини таъминлаш учун хат бериш тизимидан воз кечиш, ҳар 15 кунда брифинглар уюштириб туриш, махсус платформалар ташкил этиш, норасмий муҳитдаги учрашувлар ташкил этиб, муҳокамали мавзулар юзасидан баҳсу-мунозаралар уюштириш масаласи ўртага ташланди.

Фурқат Маҳмудхўжаев оммани қизиқтираётган саволларга тезкорликда жавоб бериш билан бирга аниқлик зарурлигини таъкидлади.

“Бу вазифа жуда оғирлигини, кўпчиликнинг диққат марказида, танқидлар остида бўлишимни ҳис қилиб турибман. Лекин пойтахт ҳокимлиги фаолияти шаффофлигини таъминлаш учун жамоамиз билан барча ҳаракатни қиламиз” – деди Ф. Маҳмудхўжаев.

Мавзуга оид