DW хабарига кўра, фожиа 28 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 08:53 да, Толедо провинциясининг Урда аҳоли пункти яқинида содир бўлган. Мадрид — Севиля юқори тезликдаги темирйўл линиясида ҳаракатланаётган AVE 2080 йўловчи поезди йўлда тўхтаб турган Iryo 6076 поездининг охирги вагонига бориб урилган.

Расмийлар маълумотига кўра, камида 68 киши ҳалок бўлган. Кастилия — Ла-Манча минтақаси ҳукумати вакили AFP агентлигига 100 дан ортиқ киши жабрлангани, уларнинг 58 нафари шифохонага ётқизилганини билдирган. 15 кишининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Германия ёрдам таклиф қилди

Германия канцлери Фридрих Мерц X ижтимоий тармоғида Толедо яқинидаги фожиа ҳақидаги хабар уни ларзага солганини ёзди.

«Биз испаниялик дўстларимиз ва яқинини йўқотган барча инсонларнинг қайғусига шерикмиз. Ярадорларга тезроқ соғайишни тилаймиз», — деди у.

Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул эса Берлин Испанияга зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Унинг айтишича, испаниялик ҳамкасби билан мулоқотда Германия аҳолисининг ҳамдардлигини етказган.

Германия транспорт вазири Штеффен Билгер ҳам қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, қутқарувчилар ва жабрланганларга кўмаклашаётган барчага миннатдорлик изҳор қилди.

Европа раҳбарлари ҳамдардлик билдирди

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен қурбонларнинг оилаларига мурожаат қилиб, «Бугун Европа сиз билан бирга қайғурмоқда», деб ёзди.

Европа кенгаши раиси Антониу Кошта Испания халқини қўллаб-қувватлашини билдириб, қутқарувчиларга миннатдорлик изҳор қилди. Европарламент раиси Роберта Метсола эса ҳалок бўлганларнинг яқинлари дардига шерик эканини таъкидлаб, жароҳатланганларга тез ва тўлиқ соғайишни тилади.

Европа халқ партияси раҳбари Манфред Вебер ҳам ушбу оғир пайтда Испания халқи билан бирга эканини билдирди.

Испания бош вазири Педро Санчес фожиа уни қаттиқ ларзага солганини ёзиб, барча жабрланганлар ва уларнинг оилаларига ҳамдардлик ва қўллаб-қувватловини изҳор қилди.