Республика бўйлаб фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва уларда ноқонуний қурилган уй-жой, бино, иншоот ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар аҳоли ва давлат идоралари ўртасида жиддий келишмовчиликлар келтириб чиқармоқда. Мазмунида ана шундай норозилик акс этган навбатдаги мурожаат Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан йўлланган.
Ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
Таҳририят аниқлаган маълумотларга кўра, юзлаб фуқаролар Тошкент туманининг «Кўксарой» маҳалласи ҳудудидаги «Олтинтепа Агро» фермер хўжалигига тегишли ерлардан 6 сотихдан участкалар сотиб олишган. Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, ушбу ер майдони уларга кўп йиллар олдин (2000-йиллар давомида) фермер томонидан сотилган. Фуқаролар фермерлик вакиллари берган ваъдалар ва қоғозларга ишониб, уй-жой қуришни бошлашган. Ҳозирда бу ҳудудда 200дан ортиқ уй-жой бунёд этилган бўлиб, қарийб барчасида одамлар яшамоқда.
Ҳокимлик эса фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган мазкур ер майдонларини давлат захирасига қайтариш бўйича чора-тадбирлар бошлаган.
Эслатма! Биргина Тошкент вилоятида 11 590та ҳолатда 1 450 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланган, 9 713та ҳолатда 855 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилинган.
Уйи бузилишидан хавотирга тушган аҳоли ҳокимликда тўпланди
27 февраль куни «Олтинтепа Агро» фермер хўжалигидан ер олиб, уй-жой қурган фуқаролар эндиликда бу уйлар бузилишидан норози бўлиб туман ҳокимлиги биноси олдида тўпланишди. Шундан сўнг ҳоким ва аҳоли вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.


Туманнинг янги ҳокими Одилхон Рустамов (сўнгги йилларда Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган Рустамов 19 февраль куни Тошкент туманига ҳоким этиб тайинланганди) қабулида бўлган фуқаролар суд қарорисиз баъзи уйларнинг деворлари бузиб ташланганидан шикоят қилишди. Фуқаролардан бирининг айтишича, бир неча кун олдин ўзини ҳокимлик вакили деб таништирган шахслар ички ишлар ходимлари билан келиб, уй атрофини ўраган деворларни ва дарвозани бузиб кетишган.











