Жорий йилнинг 2 март куни Марказий банкда Халқаро молия корпорацияси (ХМК) миссияси билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, учрашувда нақд пулсиз тўловлар ҳамда уларни тартибга солиш, шунингдек, электрон пуллар эмитентларини назорат қилиш тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
ХМК вакиллари Ўзбекистонда тўлов тизимининг замонавий стандартларини жорий этишда, финтех компанияларининг маҳаллий бозорга киришларини эркинлаштириш борасида техник ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдиришди.
Бундан ташқари, Марказий банкнинг тегишли департаментлари ва ХМК вакилларининг молиявий хизматлар истеъмолчиларини масофадан туриб идентификация қилиш, мамлакатдаги тўлов тизими ҳолати, банк карталари орқали тўловларни амалга ошириш тизими ва амалдаги тўлов тизимида хизматлар турини кенгайтириш масалаларида амалий учрашувлари бўлиб ўтди.















