Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Адолат ва тараққиёт партиясининг вилоят Кенгаши йиғилишида сўзга чиқди. Йиғилиш олдидан «Баҳор қалқони» амалиёти ҳақида сўз юритган Эрдўған «шаҳидлар тепаси бўш эмаслиги ва бўш қолмаслиги»ни таъкидлади.
Эрдўғаннинг нутқидан келиб чиқувчи сатрбошилар қуйидагича:
«Баҳор қалқони» ҳаракати
«Биз Идлибдаги операцияларимизни чекланган тартибда давом эттираётган эдик, чунки биз бу масалани соғлом фикр ва тинчлик йўли билан ҳал қилишни истагандик. Шу мақсадда биз дипломатия каналлари самарали ишлаши учун сўнгги дақиқагача ҳаракат қилдик ва ишладик. Ушбу масала мамлакатимиз учун қанчалик муҳимлиги, ушбу мақсад орқали нимани кўзлаганимизни такрор-такрор таъкидладик. Бироқ ниятимиз нотўғри тушунилганини кўрдик.
Шу муносабат билан операцияларимизни 34 аскаримиз шаҳид бўлган 27 февралдан эътиборан режимнинг барча элементларини нишонга оладиган шаклда кенг қамровли ҳолатга келтирдик. Биз ушбу операцияни «Баҳор қалқони» операцияси деб номладик. «Фурот қалқони», «Зайтун новдаси», «Тинчлик булоғи» операциялари билан нимани мақсад қилган бўлсак, бу ҳаракатда ҳам шу бир ғояни кўряпмиз.
Биз энди чегараларимиз террорчилик ташкилотлари ва мамлакатимиз сарҳадларига кўз тиккан мустабид тузум тарафидан қуршаб олинишига, миллионлаб бошпанасизлар юки елкамизга муттасил равишда ортилишига изн бермаймиз ва бу қарорда қатъиймиз.
Ҳали Идлиб шаҳидларининг тупроғи совиб улгурмай, режимни энг оғир йўқотишларга учратдик. Ҳозирга қадар 135 танк, 22 зирҳли транспорт воситаси, 45та тўп, 44та кўп барелли ракеталар, 5та ҳаво мудофааси рампаси, 12та танкка қарши қурол, 4та миномёт, 2та учувчисиз самолёт, 8та вертолёт, 49та турли транспорт воситалари, 7та ўқ-дори, 24та зирҳли транспорт воситалари, 9та ўқ-дори омбори, 2та самолёт, 2та ракета учирувчиси ва режимнинг 2557 аскарини яксон қилдик.
Қон тўкилмаслиги, одамлар қурбон бўлмаслиги, азоб чекилмаслиги учун қилган ҳаракатларимизни заифлик ва тортинчоқликка йўйганларга ҳақиқий кучимизни кўрсатишни бошладик. Ҳозирча режимнинг одамлар ва жиҳозлардан маҳрум бўлиши – бу фақат бошланишидир.
Атрофда мамлакатимизни «номи бору, ўзи йўқ» давлатлардан бири, деб билганлар бор. Биз бу ғофилларга Туркиянинг зарур пайтда жон берган, аммо бўйин эгмаган буюк бир давлат эканини кўрсатяпмиз».










