Жаҳон | 15:59 / 04.03.2020
8083
4 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс коронавирусни ХХ асрнинг энг қирғинбарот вируси “испанка”га қиёслади 

Фото: Mueller / MSC / wikipedia

Америкалик миллиардер ва Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс янги турдаги коронавирусни “биз қўрққан ва юз йилда бир келувчи юқумли касаллик” деб ҳисоблашини айтди. Унинг фикрича, коронавирус дунёга жиддий хавф солмоқда, чунки бошқа ўлим вирусларидан кўра хавфлироқдир. Шу сабабли Гейтс коронавирусни ХХ асрда 50 млн кишининг ўлимига сабаб бўлган “испан гриппи”нинг ХХI асрдаги “муқобили” деб атади. 

COVID-19 коронавирусидан ўлим ҳолати 1 фоизни ташкил қилаётгани ҳозирдаёқ уни 1,1 млн кишининг ёстиғини қуритган 1957 йилдаги Осиё гриппи пандемияси (ўлим даражаси 0,6 фоиз) ҳамда 1918 йилда бутун дунё бўйлаб 50 млн кишининг ўлимига сабаб бўлган испан гриппи (ўлим даражаси 2 фоиз) билан бир қаторга қўймоқда. Гейтснинг таъкидлашича, муайян давлатдаги тиббиётнинг сифатига кўра коронавирусдан ўлим даражаси 4 фоизгача етиши мумкин.

Миллиардернинг ўз блогида ёзишича, ҳар қандай фавқулодда вазиятда давлатлар етакчилари олдида иккита муҳим вазифа туради: муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш ва бу вазиятнинг такрорланишига бошқа йўл қўймаслик. Коронавирус билан боғлиқ вазият бунга яққол мисолдир. Ҳукуматлар одамлар ҳаётларини сақлаб қолиш билан бирга эпидемияга қарши курашнинг самарали усулларини топишларига тўғри келмоқда. 

Йиллар давомида тиббиётчилар кўлами бўйича 1918 йилдаги “испанка”га қиёсланиши мумкин бўлган янги пандемия муқаррар юз беришидан огоҳлантириб келишган, бироқ масала бу қачон содир бўлишидан иборат бўлган. COVID-19 эпидемияси унча жиддий бўлмаслиги ҳам мумкин, бироқ энг ёмонига тайёр туриш лозим.

Гейтснинг фикрича, янги коронавирус бошқа ўлим вирусларини юқумлилиги ва ўлимга олиб келиши бўйича ортда қолдиргани сабабли шунчалик хавфлига айланди. 

“Биринчидан, у соғлиғи заиф бўлган кексалар билан бир қаторда соғлом катта ёшлиларни ҳам ўлдириши мумкин. Иккинчидан, COVID-19 жуда юқумлидир. Ўртача ҳисобда у билан касалланган киши яна 2 ёки 3 кишини зарарлаши мумкин – бу эса геометрик прогрессияда тарқалишдир”, деб ёзган Гейтс. 

Коронавирусдан ўлим даражаси мавсумий гриппникидан бир неча маротаба юқоридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бу кўрсаткич муайян давлатдаги тиббиётнинг сифатига кўра 0,7 фоиздан 4 фоизгача оралиқда ўзгаради. 

Шу сабабли Гейтс иқтисодий ривожланган давлатларни вирус тарқалишига қарши курашда ночор давлатларга ёрдам беришга чақирган. Унинг бу хавотирларини ЖССТ ҳам тасдиқламоқда. Халқаро ташкилот январда соғлиқни сақлаш тизими кучсиз ривожланган ва Хитой билан доимий алоқада бўлган 13 та давлатни санаб ўтган. Улар орасида Конго, Эфиопия ва Гана кабилар бор.

“Африка ва Жанубий Осиё давлатларига ёрдам бериб, биз ҳаётларни сақлаб қолишимиз ва вируснинг глобал тарқалиши олдини олишимиз мумкин”, деб айтган миллиардер. “Сўз исботи билан гўзал” деганларидек, яқинда Гейтс ва унинг рафиқаси жамғармаси бу мақсадлар учун 100 млн доллар ажратди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид