Қуйида Жаҳон банки турли мамлакатлардаги камбағаллик даражасини қандай ўлчаши ҳақида маълумот берилади.

Камбағаллик чегараси нима?

БМТ камбағаллик чегарасини асосий товар ва хизматлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар-жой ҳақини тўлаш, сув билан таъминлаш, электр энергияси, мактаб таълими, тиббий хизмат) учун зарур бўлган даромадлар сифатида белгилайди. Камбағаллик даражаси нисбий тушунча саналади ва муайян мамлакатдаги умумий фаровонлик даражасига боғлиқ. Камбағаллик мутлақ ва нисбий каби турларга бўлинади. Мутлақ камбағалликда кун кечирувчи одамлар биологик тирик қолишни таъминлайдиган минимал эҳтиёжларнигина қондиришлари мумкин.

Ҳукумат маҳаллий органлари аҳолининг кам таъминланган қатламларини аниқлаш, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги вазифаларни аниқлаш мақсадида камбағаллик чегарасини белгилайди. Бунда турли мезонлардан фойдаланилади, бой мамлакатларда қашшоқлик чегараси, камбағал мамлакатларга қараганда юқорироқ.

Жаҳон банки методикаси

1990 йилда Жаҳон банки экспертлари камбағал давлатларда қўлланадиган стандартлардан фойдаланиб, дунёдаги камбағал аҳоли сонини ўлчашни таклиф қилишганди. 15та давлатдаги камбағалликнинг миллий даражасини ўрганиб, харид қобилияти асосида валюта курсларини қўллаган ҳолда (харид қобилияти; бутун дунёдаги ана шу нархлар асосида ҳисобланади) қайта ҳисоблашди. Товар ва хизматлар тўплами нархини барча мамлакатларда тўғри таққослаш учун ана шундай қилинган.

Натижада экспертлар ўрганилаётган қашшоқ мамлакатларнинг олтитасида камбағаллик даражаси кунига бир киши учун 1 долларга яқин кўрсаткични ташкил қилади. Бу кўрсаткич илк халқаро қашшоқлик чегараси сифатида қабул қилинади.

Дунё мамлакатларидаги ҳаёт қийматидаги тафовутлар ортиб боргани сабабли Жаҳон банки глобал камбағаллик кўрсаткичини вақти-вақти билан қайта кўриб чиқиш заруриятига дуч келди. 2005 йилда банк дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида қабул қилинган  камбағаллик даражаси асосида ана шу кўрсаткични қайта ҳисоблади. Натижада глобал қашшоқлик чегараси 1,25 долларгача кўтарилди. 2015 йилда чегара қайта кўриб чиқилди ва 1,9 долларгача ортди.

Бундан ташқари, Жаҳон банкида ўртадан паст, ўрта ва юқори– 3,2 доллар, 5,5 доллар ва 21,7 доллар даромадларга эга мамлакатлар учун камбағалликнинг юқори даражалари қабул қилинган. Банк мутахассислари бу кўрсаткичлар пул мезонларига асослангани ва улар таълим олиш, соғлиқни сақлаш хизматлари ва сув ҳамда электр энергияси билан таъминланганлик каби жиҳатларни ҳисобга олмаслигини таъкидлашади.