Ўзбекистон | 08:16 / 04.03.2020
9563
2 дақиқада ўқилади

Кореядаги Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирусга чалинганлар қайд этилмади - ТИВ

Элчихона яна бир бор фуқароларга ўз қарорларини, жумладан ватанга қайтиш тўғрисидаги қарорларини жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилган 

Фото: REUTERS

Ташқи ишлар вазирлиги Корея Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, уларнинг оила аъзолари ва яқинларига маълумот билан чиқди.

Қайд этилишича, 2020 йил 29 февралдан бошлаб Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси ҳузурида оператив штаб ўз ишини бошлади ва у Корея Республикасида COVID-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар 24 соатлик тартибда фаолият кўрсатади.

Штаб аъзолари Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар ўтказмоқда, тушунтириш ишлари олиб бормоқда, ташкилий-техник масалаларни ҳал қилмоқда.

Билдирилишича, элчихонанинг расмий веб-сайтида ва Facebook’даги саҳифасида, Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларидаги «Uzbek students in Korea» гуруҳларида тезкор ахборотлар доимий асосда жойлаштирилмоқда.

Таъкидланишича, элчихона Жанубий Корея томонининг ваколатли органлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди ва фуқароларнинг консуллик-ҳуқуқий аҳамиятдаги ва бошқа турдаги масалаларини ҳал қилишга кўмаклашмоқда. Корея Республикаси Адлия вазирлиги мамлакатда қонуний асосда бўлиб турган барча Ўзбекистон фуқароларининг ID-карталари амал қилиш муддатини бир ойга узайтирди.

Оператив штаб берган маълумотга кўра, 3 март эрталаб ҳолатига кўра Корея Республикаси ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирусга чалинганлар қайд этилмаган.

Элчихона яна бир бор фуқароларга ўз қарорларини, жумладан ватанга қайтиш тўғрисидаги қарорларини жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилган. Корея Республикаси Ҳукумати илғор тиббиёт технологиялардан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига даволаш билан боғлиқ бепул малакали тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид