Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, олимлари, тадқиқотчи ёшлар билан учрашди.

Очиқ мулоқот, суҳбат, ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтган мазкур учрашувда вилоятимизда ташкил этилиб, бугунги кунда фаол иш олиб бораётган мева-сабзавотчиликка ихтисослашган агрокластерлар раҳбарлари, туман ҳокимлари ҳам қатнашди.

Фанлар академияси тасарруфидаги Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти лаборатория мудири Бахтиёр Расулов бир неча йиллардан буён қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга мўлжалланган лойиҳа устида иш олиб бормоқда. У яратган ишланма айни пайтда қишлоқ хўжалигида фаол қўлланилмоқда. Мулоқот давомида Бахтиёр Расулов Тошкент вилояти ҳокимига ўзи ихтиро қилган қишлоқ хўжалиги учун ишланмаларини Тошкент вилоятида жорий этиш таклифини билдирди.

Бахтиёр Расулов, ЎзР ФА тадқиқотчиси:

– Қишлоқ хўжалиги касалликларига қарши қўлланилаётган агрохимикатлар меъёрларига амал қилмасликда, патоген микроорганизмлар табиатини тўлиқ ўрганмай туриб, уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш хато. Яъни ўсимликнинг табиатини билмасдан туриб, турли кимёвий воситаларни қўллайвериш ўсимликларда стресс ҳолатларини келтириб чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади, натижада кутилган ҳосил олинмайди.

Ёш олим, шунингдек, ўзи меҳнат қилаётган институтда бу йўналишда қатор лойиҳалар амалга оширилганини, хусусан, фитопатоген микроорганизмларни аниқлаш, уларнинг тарқалиш ҳудудини ўрганиш, уларга қарши табиий кушандалар орқали курашиш биотехнологиялари мавжудлигини, амалиётга жорий этиш мумкинлигини билдирди.

Ядро физикаси институти етакчи олими Аҳрор Қорахўжаев Тошкент вилоятидан ички ҳудудларга, пойтахтга етказиб берилаётган ичимлик сувини кимё соҳасидаги энг сўнгги илмий ишланмалардан фойдаланган ҳолда, мунтазам равишда тозалаб бориш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Олимнинг айтишича, айни пайтда Чирчиқ дарёсининг юқори ўзанидан пойтахт вилояти ва пойтахтга етказиб берилаётган тоза ичимлик сувининг сифати жиддий назоратга, фаннинг аралашувига муҳтож.

Тадбирда кўтарилган масалалар юзасидан Тошкент вилояти ҳокими муносабат билдирар экан, олимлар томонидан кун тартибига қўйилган барча масалаларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилишини билдирди.

– Қишлоқ хўжалиги соҳаси бугун олимларнинг маслаҳати ва янги ишланмаларига ниҳоятда муҳтож, – деди Рустам Холматов. – Муҳтарам Президентимиз олдимизга ҳар бир ишни олимлар билан кенгашиб, чуқур таҳлил қилиб, сўнгра амалга ошириш вазифасини қўйганлар. Вилоятимизда ташкил этилган мева-сабзавотчилик кластерлари жаҳон бозори учун рақобатбардош, экологик талабларга жавоб берадиган маҳсулот етиштириши – айни пайтда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Бугунги учрашувдан пировард мақсад ҳам мана шу. Шунингдек, бугунги мулоқот давомида билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар яқин келажакда вилоятимиз мисолида ўз самарасини бериши учун ҳаракат қиламиз.