Жорий йил 6 февраль куни Kun.uz сайтида «Хатолик туфайли уйидан ҳайдалган фуқаро адолат истамоқда. Уйни эса Олий суд ўзиники қилиб олган» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда фуқаро Р.Камаловнинг Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 19-квартал, 32-уй, 48-хонадон ноқонуний равишда олиб қўйилгани ва бугунги кунда Олий суд эгалигида қолиб, эгасига қайтарилмаётгани ҳақида сўз боради.
Мазкур мақола эълон қилингач, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий суди муносабат билдирди. Мазкур муносабат, фуқаронинг мурожаатини ўрганиш жараёнида Олий суд вакилларидан олинган изоҳдан деярли фарқ қилмасада, борича эълон қилинмоқда.
Олий суд муносабати
«Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2009 йил 20 январдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а», «в» бандлари ва бошқа моддалар билан судланган А.Б.га оид жиноят иши бўйича дастлабки терговда хатланган, Р.Камалов номига расмийлаштирилган, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 19-квартал, 32-уй, 48-хонадон А.Б. томонидан етказилган зарарни қоплаш ҳисобига ўтказилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 26 январдаги ажримига асосан ҳукм ўзгартирилиб, мазкур уй-жой Р.Камаловга қайтарилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 229-моддасида, агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Бироқ, кассация инстанцияси суди ушбу хонадон суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилганини эътиборга олмагани сабабли, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 20 сентябрдаги ажрими бидан кассация инстанцияси судининг ажрими ўзгартирилиб, Р.Камаловга мазкур хонадонни Республика кўп тармоқли Агросаноат биржаси Тошкент филиалининг аукцион савдосида сотилган қиймати 58 млн сўм (аслида Олий суд квартирани 58 млн 500 минг сўмга сотиб олган – таҳр.) қайтарилиши белгиланган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли Қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 57-бандида, мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги суд қарори ёки ваколатли орган қарори бекор қилинганда мол-мулк ёки унинг қиймати қайтарилиши, 59-бандида, агар мол-мулк сотилган ёки қайта ишлашга топширилган бўлса, мол-мулк қийматини қайтариш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағларидан ва давлат органларининг тегишли ҳисоб рақамларидан илгари маблағлар тақсимланган айни бир фоиз нисбатида мол-мулк қийматини тўлаш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб ўн кун муддатда амалга оширилиши белгиланган.
















