ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили офиси ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда фонд васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов сўзга чиқди.
«Қадрли меҳмонлар, янги Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ислоҳотларни бошидан ўтказяпти. Ўзбекистон раҳбарияти ислоҳотларнинг бош локомотиви сифатида кучли фуқаролик жамиятини амалда барпо этиш, сўз ва матбуот эркинлиги, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш йўлини танлади.
Аста-секин инсон қадри деган тушунчалар пайдо бўляпти, одамлар ҳам ўз ҳаққини талаб қилишни ўрганмоқда. Давлат идоралари эса кучли жамоатчилик назоратига ўтиб бораётганини тушуниб етди. Ушбу танланган йўлдан Ўзбекистон ортга қайтмаслиги ва ўз позициясида катьий туришини давлат раҳбари ҳам кўп маротаба такрорламоқда.

Албатта, бу осон жараён эмас. Очиқлик маданияти, унга ўрганиш, уни ҳазм қила олиш ҳам осон эмас, лекин жараён бошланди, натижалар ҳам бўляпти. Бу соҳанинг ривожланиш динамикаси ҳам ёмон эмас, аммо ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп.
Матбуот ходимларида ўзини цензура қилиш, кўрқув бор ҳали, чунки давлат идоралари ходимлари томонидан турли таҳдидлар, босимлар, адолатсизликлар учраб турибди. Уларни ҳимоя қиладиган ягона орган суд бўлиши керак. Бунинг учун энг асосийси судлар амалда мустақил ишлаши, уларда доим адолат бўлиши керак. Ҳар бир норози фуқаро кўчага чиқиши эмас, борадиган жойи суд бўлиши керак ва аҳолида судларга нисбатан ишонч кучли бўлишига эришиш керак.
Шунинг учун ҳам бугунги тадбиримизга ўхшаган конференциялар, тажриба алмашиш, доимий мулоқотлар жуда муҳим.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси сифатида судлар фаолиятида очиқликни таъминлаш бўйича принципиал позициямизга эътибор қаратмоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 113-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, барча судларда ишлар очиқ тартибда олиб борилади. Суд ишларини ёпиқ мажлисда тинглашга фақатгина қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Очиқ суд мажлисларида жараён иштирокчиси бўлмаган, жумладан ОАВ вакиллари қатнашишига рухсат берилади, дейилган меъёрий ҳужжатларда. Матбуотнинг мажлислар залига кириши учун қонунда назарда тутилмаган асослар билан тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмаслиги керак аслида.
















