Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари;

туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари;

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси;

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш;

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;