Тожикистон ҳукуматидан «Азия-Плюс»га хабар беришларича, ўтган йил охирида бўлиб ўтиши керак бўлган комиссия йиғилиши «ўша пайтда Тошкент ва Душанбе ўртасида ҳал қилинмаган мунозарали масалалар бўлмагани, аммо икки давлатнинг муносабатлари барча йўналишлар ҳамда соҳаларда изчил ривожлангани» сабабли бошқа муддатга кўчирилганди.

Бўлажак йиғилишда асосан Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, гуманитар, маданий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ушбу учрашувда Тожикистоннинг Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми, Ўзбекистондан Тожикистонга етказиб бериладиган табиий газ ҳажми ва уларнинг жорий йилдаги нархлари масаласи келишиб олинади.

Ўтган йили Тожикистондан Ўзбекистонга 1 миллиард 425,1 миллион кВт/с электр энергияси ҳар бир киловатт учун 2 цент нархида етказиб берилди. Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилишнинг умумий ҳажми 28,5 миллион долларни ташкил этди.

2019 йилда Тожикистон Ўзбекистондан 17,7 миллион доллар миқдорида 140 миллион кубометр табиий газ сотиб олди, ўтган йили Тожикистон ўзбек газини ҳар минг куб метр учун 120 доллар нархида олди.