Самарқандда кулолчилик неолит давридан буён мавжуд бўлса-да, унинг энг ривожланган даврлари эрамизнинг IX–XII асрларга тўғри келади. Саноат ривожланган даврга келиб бу соҳа анча сусайди, сўнгги ўн йилликларда унинг айрим кўринишлари ҳатто йўқолиб кетиш хавфи остида қолди.
Ана шундай пайтда кулоллар сулоласини давом эттириб келаётган ҳунарманд оилалар ўз мактабини ташкил этди. Улардан бири – Бобомуродовлар сулоласи.
Илҳом Бобомуродов юксак истеъдод эгаси бўлган уста кулоллардан бири. Унинг устахонасида бўлар экансиз, бутун кулолчилик соҳасининг жозибаси кўз ўнгингизда намоён бўлади. Оддий лойдан шу қадар чиройли санъат асари яратилиши сизни ҳайратга солади.



Теракота ва сирланган идиш-товоқлар, турли рўзғор буюмлари, эртак-афсона қаҳрамонлари устахонага териб қўйилган. Айни шу устахонада турли рангларда ишланган сопол лаганлар бугун Самарқанддаги кўплаб ресторанларда ишлатилади.
Лойдан яралган бу асарларнинг асосий иштиёқмандлари – сайёҳлар.


Сулола давомчиларидан Илҳом Бобомуродовнинг ўғли Меҳрожиддин бизга кулолчилик мактаби ҳақда қисқача сўзлаб берди.
«Қўл меҳнати билан яратилган буюмларга бутун дунёда қизиқиш жуда юқори. Мактабимизга бугунгача Туркия, Россия, Япония, Қатар ва яна кўплаб мамлакатлардан соҳага қизиқувчилар келиб тажриба алмашган. Ўзимиз ҳам дунёнинг турли давлатларига бориб кўргазмаларда иштирок этиб келамиз.
Бизнинг кулолчилик йўналишимиз Афросиёб услуби дейилади. Дадам бу услубда кулолчилик мактабини яратган Ўзбекистон халқ рассоми, уста кулол Умар Жўрақуловнинг шогирди ҳисоблананади.
Биз ушбу маҳсулотларни оммавий чиқаришни эмас, балки миллий қадриятларга таяниб, замонавий ва қадимий услубни мужассам этган ҳолда сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз», – дейди у.




















