Мухлислар бор сўнгги ўйин
Катта эҳтимол билан «Ливерпуль» ва «Атлетико» Чемпионлар лигасининг бу босқичида трибунада мухлислар ўтирадиган сўнгги ўйин бўлиб қолади. Бу эса мезбон жамоа учун муҳим омилдир. Бу мавсумда «Энфилд» «қизиллар» учун ҳақиқий қалъага айланди. Премьер-лигада — 15 ўйинда 15 ғалаба, тўплар нисбати: 40-15, Чемпионлар лигасида — икки ғалаба ва «Наполи»га қарши ўйиндаги дуранг. Ҳавас қилгулик рақамлар.
Аммо «Энфилд» мухлисларсиз ўз сеҳрини йўқотади — ахир 50 минг киши You'll never walk alone қўшиғини куйлаб турмаса футболчиларда шижоат пайдо бўлармиди. Ҳозир шундай сеҳр «Ливерпуль»га жуда зарур, жамоа АПЛда февраль ойидаги кичик танаффусдан кейин жуда ёмон ўйин кўрсатмоқда. Мағлубиятлар серияси аутсайдер устидан ғалаба билан якунланди. Лекин шанба кунги «Борнмут»га қарши ўйин ( 2:1) хавотирларни аритгани йўқ.
Мухлислар кўмаги тўғрисида «Ливерпуль» устози Юрген Клопп ҳам айтиб ўтди.
«Атлетико» футболчиларининг кўпчилиги аввал «Энфилд»да тўп сурмаган ва биз бундан фойдаланишимиз керак. Трибуналардаги қўллаб-қувватлов — биз учун катта устунлик беради. Мен «Атлетико»га катта ҳурмат билдирган ҳолда бу фикримни айтмоқдаман. Улар чуқур ҳимояланишади ва ажойиб қарши ҳужумлар уюштиришади. Уларнинг ҳар бир футболчиси хавфли. Аммо исталган рақибни мағлуб этиш мумкин, биз бунинг йўлини топишимиз керак. Биз биринчи ўйиндан қандай сабоқ чиқарганимизни кўрсатиб беришимиз даркор», — деган Клопп.
Жамоа сардори Жордан Ҳендерсон ёрдамга етиб келди. У майдондалигида «Ливерпуль» яримҳимоясидан хотиржам бўлиш мумкин — бу мавсумда Ҳендо ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. «Борнмут»га қарши ўйинни ўтказиб юборган Энди Робертсон ҳам майдонга тушиши кутилмоқда. Ягона муаммо — асосий дарвозабон Алиссоннинг йўқлигидир. Бразилиялик футболчи белини жароҳатлаб олган. Унинг ўрнига дарвозани қўриқлайдиган Адрианнинг бу мавсумдаги ҳаракатлари эса ишончли эмас — бир ҳафта муқаддам у Англия Кубогида «Челси»га қарши ўйинда ўзига келган тўпни ўтказиб юборган, ўйин охирида ҳам жарима майдони ташқарисидан йўлланган зарбага қарши ҳеч нарса қила олмаганди.
Аммо «Ливерпуль» фанатларини статистика хурсанд қилиши мумкин — «қизиллар» Чемпионлар лигаси плей-оффида биринчи ўйинни бой берган икки маҳал ҳам жавоб учрашувида керакли натижага эриша олишган.
Ливерпуль — Атлетико
12 мартга ўтар кечаси. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 00:01. (UzReport Live — 00.50).
Ҳакам: Маккели (Нидерландия)
Биринчи ўйин: 1:0

















