ЕЧЛда яна икки чорак финалчи аниқланди. «Атлетико» меҳмонда «Ливерпуль»ни мағлуб этиб кейинги босқичга чиққан бўлса, «ПСЖ» ўз майдонида «Боруссия»га имконият қолдирмади.

Ҳиссиётсиз қолган «арилар» чақа олмади

Тунда ўтказилган икки ўйиндан бири олдинроқ тугади, десаям бўлади. «ПСЖ» асосий вақтнинг ўзида «Боруссия»ни «тинчитиб» қўя қолди. Неймар ва Бернарднинг голлари парижликларга ғалаба келтириб, Германиядаги 2:1 ҳисобининг аҳамиятини йўққа чиқарди. Бу ўйин коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида мухлисларсиз ўтказилди. Бу омил мезбонларга қийинчилик туғдириши кутилганди, ахир ўз майдонида мухлислари далдасисиз ўйнаш қийин-да!

Аммо стадионда мухлислар йўқлиги аксинча немисларга қийинчилик туғдиргандек бўлди гўё. «Сигнал идуна парк»даги даҳшатли атмосферада ҳар қандай рақибни тор-мор қиладиган «Боруссия» Париждаги бўш стадионда ҳеч нарса қила олмай қолди. Албатта, бунга асосий сабаб рақиб ўйини ўхшаб қолганидир, лекин бўш стадион ҳам «арилар»га таъсир қилиб улар «чақолмай қолди». Ҳоланд ва Санчо ҳам ҳеч нарса қила олишмади. Бир сўз билан айтганда, ҳеч қандай ҳиссиётсиз, фақат футболгина майдонда қолганида «ПСЖ» кучлироқ экани кўринди.

Неймар – бўш стадион қаҳрамони

Бу мавсумда ҳам жароҳатлар гирдобида қолаётган Неймар ниҳоят ўз даражасига яқин ўйин кўрсатди. Тўғри, унинг голи оддийгина тарзда бош билан урилди, лекин жамоанинг унга ўйнаши, ўйинни ўз қўлига олиши Неймарнинг ҳамон катта футболчи эканини кўрсатди. Замонавий футболнинг энг истеъдодли намоёндаларидан бири ҳисобланган Неймар бу вақтгача аллақачон «Олтин тўп»ни олган бўлиши керак эди, лекин доим бир хил ўйин кўрсата олмаслиги бразилиялик суперюлдузнинг максимал даражада порлашига халақит берарди.

«Боруссия»га қарши ўйинда Неймар феноменал ўйин кўрсатгани йўқ, шунчаки у кичик қайтишни амалга оширди. «Барселона»да бўлган вақти Неймарга дунё футболининг бўлажак қироли деб қарашарди, аммо Парижда Неймар ҳар туғилган кунида жароҳат оладиган, машғулотга келмай қоладиган ва жуда кўп вақтини даволаниш билан ўтказадиган шоу-бизнес юлдузига айланиб қолганди.

Неймар сўнгги вақтларда вазн орттиргани ҳам сезилмоқда. Мана шундай суперфутболчи кўз олдимизда катта маошнигина ўйлайдиган юлдузга айланиб бораётгандек эди. Унинг номи камдан-кам ҳолларда футбол билан боғланар, у мода журналларида футбол нашрларидан кўпроқ кўриниш берарди. Лекин аслида Неймар учун футбол ҳамон энг муҳим нарса экани айнан «Боруссия»га қарши ўйинда кўринди. У ғалабадан сўнг йиғлади... Ниҳоят «ПСЖ» учун нимадир қила олгани, футбол оламида ўз ўрнини йўқотмаганини исботлай олгани учун йиғлади.