Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 март куни мамлакатимизда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида касалликларнинг олдини олишдан кўра уларни даволашга кўпроқ эътибор қаратилиши таъкидланган.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот 10 фоизни, ирсий омиллар 15 фоизни, атроф-муҳитнинг ҳолати 20 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, инсоннинг турмуш тарзи (жисмоний фаоллик, овқатланиш, зарарли одатлар) унинг саломатлигига 55 фоизгача таъсир кўрсатар экан.
Шу сабабдан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига илғор хорижий тажриба асосида аҳоли саломатлигини яхшилаш, одамларимизни соғлом турмуш тарзига ўргатишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳоли саломатлиги профилактикаси аввало қишлоқлардан бошланиши ва бунга жавоб берадиган яхлит тизим бўлиши кераклиги қайд этилди. Масалан, сувнинг ифлосланиши буйрак, ошқозон-ичак хасталикларига, атмосферадаги радиация, озиқ-овқат маҳсулотларида кимёвий воситаларнинг кўплиги онкологик, нотўғри турмуш тарзи қон-томир, юрак, эндокрин, асаб касалликларга сабаб бўлмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бу масалаларни чуқур таҳлил қилиб, аниқ дастурлар асосида жойларда манзилли иш ташкил этиш вазифаси қўйилган.
«Ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши юртимиз аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солмоқда. Дунёда жамоат саломатлиги тизимини, гўёки, синовдан ўтказаётган ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш аввало мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади», деди давлатимиз раҳбари.
Шу муносабат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада кўрилаётган карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар берилган.
Бунда, энг аввало, халқаро тажриба асосида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш марказини бириктириб, Агентлик салоҳиятини ушбу вазифаларни самарали ташкил этишга қаратиш кераклиги таъкидланган.

















