Яна учта давлат Россияга қарши «нефть уруши» эълон қилишни режалаштирмоқда - ОАВ
Россия энергетика вазирлиги Москва ҳеч ким билан нефть бозорида нархлар урушини олиб бормаётганлигини билдирди.
Саудия Арабистони ортидан Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК)нинг етакчи аъзолари Ироқ ва Кувайт ҳам апрелдан харидорларга нефть учун чегирма бермоқчи. БАА эса февраль сотувлари учун нархларни пасайтирди, деб ёзмоқда Bloomberg.
Ироқ Basrah Light русумидаги нефтни Осиё бозорига етказиб беришда ҳар бир баррель учун 5 доллардан чегирма беришга тайёр, деб хабар беради агентлик. Кувайт нефти учун чегирма бир баррелга 6 долларни ташкил этади. Эски муддат билан нарх белгилайдиган БАА февраль учун нефтнинг тўрт хил нави нархини бир баррелига 1,63 доллардан арзонлаштирди.
Агентликнинг ёзишича, Кувайт OSP нефтига Осиёдаги харидорлар учун бир баррелига 4,65 доллар чегирма жорий этди. Шимоли-ғарбий Европага экспорт қилинадиган нефть учун рекорд даражада паст - 12,60 доллар нарх белгиланди.
Агентлик манбасининг сўзларига кўра, Ироқнинг SOMO давлат нефть компанияси апрелда қазиб олиш ҳажмини оширмоқчи. У нефть қазиб олиш суткасига 3,7 млн баррелгача етказилишини айтган. SOMO март ойида суткасига 3,44 млн баррель нефть сотган.
Ироқ нефть вазирлиги расмий вакили Осим Жиҳод «нархлар уруши ишлаб чиқарувчи мамлакатлар манфаатларига тўғри келмаслиги»ни билдирди. Унинг сўзларига кўра, Бағдод барқарорлик ва бозордаги мувозанатни тиклаш бўйича келишувга эришишга уринмоқда.
ОПЕКка аъзо давлатлар Россия ва бошқа давлатлар билан нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш борасида келиша олмади. Кейинги йиллар давомида нефть нархини ушлаб турган битим бекор бўлди.
10 март куни Saudi Aramco апрелдан суткасига 12,3 млн баррелгача нефть қазиб олишини маълум қилди. Бу ОПЕК ва ОПЕК+ аъзолари ўртасида тузилган битимда кўрсатилган ҳажмга нисбатан 26 фоизга кўпдир. Битимга кўра, Saudi Aramco 2020 йилнинг биринчи чорагида суткасига 9,7 млн баррел нефть қазиб олиш мажбуриятини олганди. Ушбу хабар ортидан Лондон биржасида Brent русумидаги нефть нархи 4 фоизга арзонлашди.
Россия энергетика вазирлиги Москва ҳеч ким билан нефть бозорида нархлар урушини олиб бормаётганлигини билдирди. Бу ҳақда вазирлик расмий вакили Павел Сорокин Reuters агентлигига берган интервьюсида айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия томони «фақат барқарор бозор» тарафдори.