Февраль ойи охирида коронавирус бутун дунё бўйлаб кенг тарқала бошлагач - Осиёда (Хитой, Жанубий Корея ва Эрон), Европада (Италия ва қўшни давлатлар) минглаб томошабинлар иштирок этадиган спорт турнирларини ўтказиш бўйича шубҳалар пайдо бўла бошлади.

12 март ҳолатига кўра коронавирус таъсир кўрсатган спорт тадбирлари рўйхатида юздан ортиқ саҳифа мавжуд.

Айни вақтда қуйидаги топ-турнирлар бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда:

— Европа чемпионати (17 март куни қарор чиқарилади)
— Ҳоккей бўйича жаҳон чемпионати (қарор — 15 март кунидан кейин эълон қилинади)
— Токиодаги Олимпия ўйинлари
— Ҳабиб Нурмагомедов — Тони Фергюсон ўртасидаги жанг

Бекор қилинган/тўхтатилган/кўчирилган

Футбол

Роналду 8 март куни Туриндаги «Ювентус» — «Интер» баҳси олдидан ўйинга кела олмаган мухлисларга ҳурмат кўрсатмоқда
Фото Reuters

Италия чемпионати 9 мартдан 3 апрелгача тўхтатилган.

«Ювентус» ҳимоячиси Даниэле Ругани 11 март куни А Серияда коронавирус инфекцияси тасдиқланган илк футболчи бўлди, туринликлар жамоаси сўнгги учрашувини ўтказган «Интер» билан бирга карантинга кетди.

«Ювентус»нинг Даниеле Руганидан ташқари яна бир футболчисида - Пауло Дибалада вирус аниқлангани ҳақида хабар тарқалган, аммо бу маълумот тасдиқланмаган. «Сампдория» ҳужумчиси Маноло Габбьядини топширган тест натижалари ҳам ижобий чиққан.

Испания чемпионати 12 март кунидан 2 ҳафта муддатга тўхтатилди. Шу куни «Реал»нинг баскетбол жамоаси карантин ҳолатига ўтказилди.

АПЛнинг бир қатор жамоалари аъзоларида коронавирус белгилари аниқланди - «Лестер» бош мураббийи уч нафар футболчида коронавирус тасдиқланганини эълон қилди, «Челси» ҳужумчиси Каллум Ҳадсон-Одои коронавирус юқтириб олгани тасдиқланди, «Арсенал» бош мураббийи Микель Артетада ҳам вирус аниқланган. «Эвертон» ва «Борнмут»да ҳам бир нафардан футболчида коронавирус аниқланди. Айни вақтда бу жамоалар тўлиқ таркиб билан карантинда, машғулот базалари ёпиб қўйилган.