Вилоят ИИБ ахборот хизматига кўра, ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида жанжаллашган шахслар Самарқанд Давлат университети тарих факултетининг 1-босқич, 101- ва 105-гуруҳ талабалари эканлиги аниқланган.

Мазкур жанжалнинг асосий сабаби, СамДУ 101-гуруҳ талабаси 1997 йилда туғилган, Жомбой туманида яшовчи Т.И. ва 105-гуруҳ талабаси 2001 йилда туғилган, Самарқанд шаҳар «Шодлик» МФЙда яшовчи Т.А. дарс жараёнида ўтириш учун ўзаро стул талашиб, жанжал бошланган.

4 март куни соат 12:20 ларда, дарс тугагандан сўнг, улар Самарқанд шаҳри марказидаги, университет биноларидан кўп узоқда бўлмаган Алишер Навоий номидаги истироҳат боғига боришади. 101-гуруҳ талабалари — 1996 йилда туғилган, Жомбой туманида яшовчи О.З., 1997 йилда туғилган, Паст Дарғом тумани Жума шаҳрида яшовчи Р.О. ҳамда 105-гуруҳ талабалари — 2000 йилда туғилган, Самарқанд шаҳри Ойдин йўл кўчасида яшовчи А.С., 1999 йилда туғилган, Самарқанд шаҳри «Мўлён-2» МФЙда яшовчи Т.Ш. ўзаро жанжаллашиб, муштлашиши натижасида бир-бирига тан жароҳати етказишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ахборот хизмати хабарида.