Ўзбекистонда аллақачон маҳаллийлаштириб бўлинган Damas, Spark ва Nexia автомобилларининг нархи 19-21 фоизга, Cobalt нархи модификациясига қараб 10-14 фоизгача ошди.
Шу билан бир вақтда, қиммат автомобиллар – Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари ўзгаришсиз қолдирилди.
Депутат Дониёр Ғаниев «Ўзавтосаноат» АЖ вакиллари билан ўтказилган парламент эшитувида бу ҳақда изоҳ сўради.
«Хомашё нархи ошгани учун автомобиллар таннархи ошди, деб айтяпсизлар. Қўшимча қиймат солиғи қўшилди, деяпсизлар. Лекин энг қизиғи, негадир аҳоли энг кўп оладиган, энг кўп сотиладиган Damas, Spark, Nexia-3ларнинг нархи ошяпти-да, Gentra нархи атиги 3 фоизга кўтариляпти.
Қиммат нархдаги, сизлар ишлаб чиқармайдиган, фақат импорт қиладиган машиналарингиз нархи ошгани йўқ.
Мантиғингиздан келиб чиқадиган бўлсам, агар бутун дунёда хомашё нархи ошаётган бўлса, ҳамма машинанинг харажати ошади. Унда нега энди Malibu’да харажат, таннарх ошмаяпти-да, Damas’ники ошяпти?
Энг қизиғи, аллақачон локализация қилиб бўлинган автомобилларнинг нархи ошиб, тўлалигича импорт қилинадиганларники қимматлашмаяпти?

Бундан иккита савол келиб чиқади.
Биринчиси. Дунё бозорида чиндан ҳам хомашё нархи ошяпти, лекин харажатларингизни эплай олмаётганингиз учун, мўлжалдагидан кўпайиб кетаётгани учун маҳсулот таннархини оширяпсиз.
Ёки умумий харажатни ҳаммага тенг тақсимламасдан, фақатгина арзон машиналарга тақсимлаб, шундоғам кўп сотилмаётгани учун қиммат машиналарнинг нархини кўтармасдан, уларнинг харажатини ҳам оммабоп автомобилларникига қўшиб юборяпсиз.
Бу эса охир-оқибат арзон машина сотиб олаётган истеъмолчиларга жабр бўлмоқда», – деди Дониёр Ғаниев.
Саволга жавобан, UzAuto Motors АЖ бош директори ўринбосари Александр Сахапов автомобиль нархлари имкон қадар жиловлаб турилганини таъкидлади.


















