Азиза Шоназарова бакалавр таълимини Тошкент давлат шарқшунослик институтида шарқ фалсафаси бўйича олган. Шарқшунослик институти, Польшадаги Варшава университети, АҚШнинг Индиана-Блумингтон олийгоҳида магистратура босқичида ўқиган.

Дунёнинг етакчи таълим муассасалари ― Оҳайо, Манчестер, Варшава, Иллинойс, Сорбонна, Бонн, Пекин университетлари билан илмий ҳамкорлик олиб боради. АҚШнинг Индиана-Блумингтон, Стенфорд олийгоҳлари, Британиянинг Оксфорд университети Исломшунослик марказида маърузалар ўқийди.

У гендер масалалари ва ислом дини, Марказий Осиё тарихида аёлларнинг ўрни, сўфийлик мавзуларида илмий тадқиқотлар олиб борган. Сўфи аёлларнинг йирик вакили, бухоролик Ҳазрат Оғойи Бузруг ҳақидаги китоби чоп этилиш арафасида.

«Мен докторантурани базўр инглиз тилида ва 10 ойли чақалоғим билан бошладим. Бугун эса докторантурани 8 ёшли қизим, энг юқори GPA (баҳо кўрсаткичи), Оксфорд ҳамда Питтсбург университетларидан postdoc учун таклиф билан битиряпман. Матонат ва меҳнат билан барча нарсага эришиш мумкинлигига мен ҳам бир мисолман».

Азиза Шоназарованинг Индиана-Блумингтон университетини битирганда сўзлаган нутқидан.

― Илмий тадқиқот йўналишларингиздан бири «Гендер ва Ислом» мавзуси ҳисобланади. Ўзбекистонда аҳолининг аксарияти ислом динига эътиқод қилади. Яқин вақтлардан бошлаб гендер тенглиги тушунчаси бизга ҳам олиб кирила бошланди. Ўз навбатида, ислом ва гендер бир-бирига зид келадиган тушунчалар, ислом етакчи бўлган мамлакатда гендер тенглигини ўрнатиш мумкин эмас, деган фикрлар ҳам ўртага чиқди. Ислом гендер тенглигига қандай қарайди?

― Исломда гендер масаласи бўйича бир неча муслима олималар томонидан нуфузли китоблар чоп этилган. Булар қаторига Ҳарвардда дарс берадиган Лейла Аҳметни, Фатима Мирниси, Амина Вадудларни санаб ўтиш мумкин.

Улар ўз китобларида ислом олами учун гендер масаласи зид эмаслигини ёзишади. Гендер тенглиги Қуръони Каримнинг ўзида намоён эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп тадқиқотлар олиб боришган.

Менимча, бу ҳақда биз [кўпроқ] гапиришимиз керак. Ўз динимизда гендер тенглик концепцияси мавжуд ва буни кўпчилик, афсуски, билмайди. Бу ҳақида кўпроқ илмий ишлар ёзишимиз керак. Жамоатчиликка етказиб бериш ― бизнинг вазифамиз.

― Ўзбекистон ҳукумати гендер масаласи бўйича ташкилий ишлар олиб боряпти. Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия тузилди, Сенат таркибида қўмита ҳам ташкил этилди. Шу жараёнларни кузатиб боряпсизми, ҳукумат тўғри йўлдан боряптими, сизнингча? Жараённи қандай баҳолайсиз?