Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудида 2028 йил 31 декабрга қадар шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатидан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатлар билан бир вақтда, шу жумладан, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш босқичида хорижий норматив ҳужжатлар қўлланишига рухсат этилади:

маҳаллий лойиҳа-қидирув ташкилотларини жалб этган ва миллий норматив ҳужжатларга номутаносиб бўлган қисмлар учун компенсацияловчи чораларни таъминлаш бўйича махсус техник шартларни ишлаб чиққан ҳолда, хорижий норматив ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларининг мослаштирилиши;

зарур ҳолларда мослаштирилган лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқиш учун ваколатли орган томонидан жалб қилинган мустақил хорижий мутахассислар ва консультантлар хизматлари учун тўлов харажатлари, ушбу ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларидан қатъий назар, буюртмачи (инвестор) томонидан қопланиши;

б) 2020 йил 1 июлдан:

солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари (иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан, малакали мутахассислар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, иш ҳақи тўлаш фонди ва бошқа мезонлар) асосида автоматик тарзда шаклланадиган лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади;

в) 2020 йил 1 сентябрдан:

солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари (иш тажрибаси, ходимлар, шу жумладан, малакали мутахассислар сони, асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, иш ҳақи тўлаш фонди ва бошқа мезонлар), шунингдек, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси маълумотлари (қурилиши тугалланган объектлар ҳажми, шаҳарсозлик қонунчилигини бузиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисидаги бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаларнинг мавжудлиги ва уларнинг ижроси ҳамда бошқа мезонлар) асосида қурилиш ишлари ҳажмлари ва объектларига мувофиқ табақалаштирилган ҳолда автоматик тарзда шакллантириладиган қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади;

г) 2021 йил 1 январдан:

қурилиш соҳасидаги давлат харидлари доирасида харид тартиб-таомиллари, лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг харид тартиб-таомилларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини баҳолашда уларнинг электрон рейтинги маълумотларидан фойдаланиш ва бошқа электрон тизимлар билан интеграциялаш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, электрон шаклда онлайн режимида амалга оширилади;