Ўзбекистон | 17:00 / 15.03.2020
48593
2 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида нархларни асоссиз оширишга қарши кескин чоралар кўрилади - бош вазир

Ўзбекистон ҳукумати карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Бу ҳақда бугун коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Дори воситалари нархи ошиши мумкин. Бозорларда, дўконларда ҳам нарх ошиб кетиши мумкин. Лекин бунга қарши жиддий курашилади.

Президентимиз топшириқ бердилар, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси буни жуда қаттиқ назорат қилади.

Нарх-наво бўйича ҳамма қаттиқ огоҳлантирилмоқда, ўйин қилмоқчи бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Бу халқ бошига тушган синов. Бу вазиятдан биргаликда чиқиб кетишимиз мумкин», дея ҳукумат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамлангани таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима уйғотадиган хабарлар тарқатган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.

Йиғилишда яна бир қатор қатъий чоралар белгиланган:

  • барча мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий ўқув юртларига жорий йил 16 март кунидан бошлаб таътил берилади. 
  • коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда Наврўз умумхалқ сайллари ҳам бекор қилинади. Оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча ўтказилмайди. 
  • барча давлат ва нодавлат ташкилотларида мажлислар ўтказиш ҳам вақтинча тўхтатилади.
  • 16 мартдан бошлаб Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилади. Юртимиз фуқароларининг чет давлатларга чиқиши, чет давлат фуқароларининг мамлакатимизга кириши тақиқланади. Чет давлатлардаги ўзбекистонликларнинг қайтиши учун шарт-шароитлар яратилади.

Эслатиб ўтамиз, бугун Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаросида коронавирус инфекцияси аниқланган эди.

Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликни тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид