Шундан сўнг, кун ярмига бориб Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга бағишлаган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман якунларига кўра, Ўзбекистонда инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча оммавий тадбирлар, жумладан, умумхалқ сайллари тўхтатилиб, боғча, мактаб ва олий таълим муассасалари карантинга ёпилиши белгиланди.
Kun.uz мухбири аҳолининг вазиятдан қай даражада хабардорлиги ва ҳимоя чораларини билиши, қолаверса, савдо марказларидаги аҳвол билан танишиш мақсадида пойтахтдаги «Фарҳод» деҳқон бозорида бўлди.
Бозорда сотувчи ва харидорлар билан суҳбат ўтказилди.
«Биз ҳозирча бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланганимиз йўқ. Худо бор, барчамизни ўзи асрасин. Кўп қатори барчамизни асрасин. Шунингдек, гигиена қоидаларига ҳам амал қиламиз», деди бозордаги харидорлардан бири.

Ундан шахсий гигиена қоидаларидан қанчалик хабардорсиз, дея сўраганимизда қуйидагича жавоб олди:
«Билишимча, бу ҳам гриппнинг бир тури. Унга қарши соғлом ҳаёт тарзини кечириш керак».
Бошқа бир харидор эса Ўзбекистон раҳбарияти аҳоли саломатлигини асраш бўйича керакли барча ишларни қилаётганига ишонади.

«Халқимиз соғлиғи учун керакли одамлар ҳар томонлама меҳнат қилаётганига ишонаман.
Хоҳлардимки, вирус ҳақидаги хабарларни барча ўқисин ва шу қоидалар бўйича ҳаракат қилишсин.
Оиламиз билан хабардормиз, коронавирусдан сақланиш учун қўлларимизни тез-тез ювишимиз, иложи бўлса, ёнимизда ҳам антисептик воситаларни олиб юришимиз керак.
Халқимиз бу синовдан ўтиб олади, ҳеч ким ваҳимага тушмасин. Бу қанчалик қийин бўлмасин биз вирусдан ўта оламиз», дейди у.
Яна бир харидорнинг фикрича, вазият қўрқиш даражасида эмас. «Ўйлайманки, аҳвол шу даражада бўлганда бизни ана шу сигналда огоҳлантиришарди», дейди суҳбатдошимиз.





















