Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, коронавирусдан ўлим даражаси ўртача 4 фоиз атрофида. Аммо бу рақамни Covid-19'дан ўлим топиш эҳтимоли сифатида тушунмаслик керак. Хитойлик экспертлар хулосасига кўра, 80 ёшдан ошган одамлар орасида ўлим даражаси 14,8 фоиз, 10дан 39 ёшгача бўлганлар орасида эса 0,4 фоизни ташкил этган.
- Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси жаҳоннинг 150дан ортиқ мамлакатини қамраб олди. 17 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 183 мингдан ортиқ бемор қайд этилган, уларнинг 79 мингдан ортиғи тузалиб кетган, 7175 киши вафот этган. Ўлимларнинг асосий қисми Хитой (3226), Италия (2158) ва Эрон (853) ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, мутахассисларнинг таъкидлашича, вирусни юқтириб олганларнинг аксарияти касалликни енгил шаклда ўтказиб, шифохонага мурожаат қилмайди ва қайд этилмайди.
Шу сабабли юқтирганлар ва ўлим нисбати бир неча баравар кам бўлиши мумкин. Масалан, Британия ҳукумати мутахассислари янги коронавирусдан ўлим даражаси ўртача 1 фоизни ташкил қилишини тахмин қилишган.
Аммо кекса одамлар учун хавф барибир юқори. Хўш, кекса одамлар ва уларнинг қариндошлари қандай чораларни кўришлари керак?
Коронавирус ваҳимаси: Қўрқувни енгиш учун касаллик ҳақида нималарни билиш керак?
Ниқоблар ва ўз-ўзини даволашми? Йўқ!
«Аввало, ваҳимага тушманг, вазиятга нисбатан хотиржам муносабатда бўлинг. Нималар тавсия қилинади? Масалан, биз вирусга қарши дори қабул қилиш каби чораларни кўрамиз. Биз бундай чораларни ҳар йили қабул қиламиз. Кейин, агар бирор нарса рўй берса, ниқоблардан фойдаланамиз. Аммо ҳаёт ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришсиз», дейди москвалик кекса ёшли Екатерина Би-би-сининг рус хизматига.
У болалар майдончаси яқинида туриб, бошқа болалар билан ўйнаётган ва тепага кўтарилишга ҳаракат қилаётган, кейин эса югуриб келиб унинг қўлини ушлаб турган кичкина болага қарайди.
У таъкидлаган ҳар иккала чора-тадбирнинг самарадорлигига мутахассислар жуда жиддий шубҳа билан қарашмоқда.
Россияда одатда умифеновир фаол моддасини ўз ичига олган дорилар вирусга қарши препаратлар деб аталади. Уларга «Арбидол» ва унинг муқобиллари кириши мумкин — бу дори коронавирусни даволаш бўйича Хитой ҳукуматининг расмий тавсияларида пайдо бўлган.
















