Ўзбекистон | 12:29 / 17.03.2020
2961
3 дақиқада ўқилади

Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасасида ўлкашунослик музейи ва халқ кутубхонаси ташкил этилади

Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида жойлашган Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасасида Каттақўрғон тумани тарихи ўлкашунослик музейи ва халқ кутубхонаси ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида жойлашган Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасасида Каттақўрғон тумани тарихи ўлкашунослик музейи ва халқ кутубхонаси ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маданият вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг:

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасида жойлашган Муҳаммад Амири Нақиббек мадрасаси қошида Каттақўрғон тумани тарихи ўлкашунослик музейи ва халқ кутубхонасини Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфида ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар музей фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Каттақўрғон тумани ҳудудидан топилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, аниқлаш, тўплаш, ўрганиш ва уларни эълон қилиш, шунингдек, маданий, маърифий, илмий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;

Каттақўрғон тарихига оид халқимизнинг бой маданий мероси, унинг инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ижобий ишлар ва эришилган ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган музей экспозицияларини ташкил этиш;

Каттақўрғон тарихининг ривожланиш босқичлари, бу борада амалга оширилган ишлар, халқимиз меросини авайлаб-асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, мамлакат фуқароларига намойиш этиш, дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш;

музей экспозициялари орқали фуқароларда, айниқса ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат, муҳаббат туйғуларини тарбиялаш ва кучайтириш;

ўзбек халқининг бетакрор маданияти ва тарихини акс эттирувчи музей ашёлари ва музей коллекциялари фондини яратиш ҳамда музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини кучайтириш ва унинг натижаларини эълон қилиб бориш;

ташрифчиларни музей ашёлари ва коллекциялари, халқ кутубхонасида сақланаётган китоблар билан кенг таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш;

музей экспозициясини ташкил этишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, ноанъанавий экспозициялар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш;

Музей-кутубхона биносини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, музей экспозицияси ва халқ кутубхонасини яратиш бўйича:

буюртмачи этиб - Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги инжиниринг компанияси;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлари белгиланган тартибда ўтказилган тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича ғолиблар белгиланади.

Белгилаб қўйилишича:

музей-кутубхона биносини капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағларидан Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан;

музей-кутубхонани сақлаш билан боғлиқ харажатлар Самарқанд вилоятининг 2020 йил учун тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид