Куни кеча бош вазир томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу касалликка қарши мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жорий ҳолат, вирусга чалинган фуқаро ва изоляцияга олинган шахслар ва аниқ режалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилинди. Журналистларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берилди.
Энг муҳими ОАВ, блогерлардан аҳоли орасида ваҳима тарқатмаслик сўралди, бу борада жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирилди. Йиғилишдан сўнг ўтган давр ичидаги вазият маҳаллий ОАВ, блогерлар бу масалада ўзларини масъулиятли тутишга ҳаракат қилди, дейишимизга асослар мавжуд. Бироқ бошқа мамлакатларда бўлганидек, бизнинг юртимизда ҳам бу касаллик аҳоли ўртасида маълум ваҳимани келтириб чиқаргани ҳам бор гап.
Бунда шуни ҳам тан олиш керак, айрим ОАВда берилган ва асосан ижтимоий тармоқларда тарқатилган турли материаллар одамларнинг ўнг-у сўлига қарамай бозорлар ва савдо дўконларидан озиқ-овқат маҳсулотларини “ғамлаб қўйиш” учун кўп миқдорда сотиб олишига сабаб бўлди.
Шу нарса аёнки, коронавирус каби ялпи хавфларга қарши кураш комплекс жараён бўлиши лозим. Бунда унинг барча турдаги салбий оқибатларининг олдини олиш учун кенг кўламли ёндашув зарур. Жумладан, аҳоли орасида ваҳиманинг олдини олиш энг устувор йўналишлардан бири сифатида қаралиши лозим бўлади. Биз ўзгаларнинг хатоларидан, тарихда ваҳима туфайли келиб чиққан катта йўқотишлардан зарур хулоса қилишимиз зарур.
Душмандан қўрқма, ваҳимадан қўрқ, дейилади мақолларнинг бирида.
Ваҳима ўзи нима?
Психологияга оид китобларда ваҳимага ҳис-туйғу ва кайфиятнинг бузилиши сифатида қаралади. Ваҳимада одамни асоссиз қўрқув босади, киши нимадандир хавотирланиб, ҳадиксирайди, безовта бўлади, кўнгли ғашланиб, ороми йўқолади. Унга келажакда фалокат бўлиши муқаррардек, ўзи ёки яқинларининг ҳаёти хавф остида тургандек туюлади.
Бундай шароитда шахсда асосли, оқилона қарорлар қабул қилиш лаёқати чекланади.
Албатта бу ҳолат фақат бизнинг мамлакатимизга хос десак, адолатдан бўлмайди. Зеро коронавируснинг жаҳон миқёсидаги зарарлари ҳақида бир-биридан мудҳиш хабарлар кўпайиб бораётган бир шароитда, кўплаб мамлакатларда бизда кеча кузатилганига ўхшаш вазиятлар бўй кўрсатмоқда.
Мазкур ҳолатни айрим мутахассислар инсоннинг қадимги давр ёки ўрта асрларда бўлиб ўтган пандемияларнинг “генетик” асорати сифатида баҳолашади. Аммо биз XVIII-XIX асрда эмас, ҳатто ХХ асрда ҳам эмас, балки XXI асрда яшаётганлигимизни унутмаслигимиз керак.















