Бу Қирғизистонда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолатлари бўлди. Уч ҳолатда ҳам вирус хорижда юқтирилган.

«Бу биз учун кутилмаган бўлмади. Биз бу сценарийга уч ойдан буён тайёрланяпмиз. Шифохоналарда зарур хоналар тайёрланган, инфекцион бўлимларда ҳам захира хоналари тайёрлаб қўйилган. Лабораторияларда зарур қурилмалар мавжуд, шифокорлар таҳлил намуналари олишга тайёр», деган вазир.

Қайд этилишича, уларнинг барчаси Қирғизистон фуқаролари бўлиб, улар яқинда Умра зиёрати учун Саудия Арабистонида бўлиб қайтишганди.

Улар қайтган самолётда жами 135 йўловчи бўлган. Айни вақтда уларнинг 90 нафари карантинга жойлаштирилган.

Vesti.kg нашри ёзишича, самолёт йўловчилари парвоздан кейин текширувдан ўтказилмаган. Чунки, шу вақтга қадар Қирғизистонда Саудия Арабистонидан келувчилар хориждан келувчиларнинг учинчи тоифасига киритилганди. Бу тоифага вирус тарқалиши хавфли даражада авж олмаган давлатлар киритилган: Сингапур, Австрия, Дания, Ҳонгконг, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон, Баҳрайн, Австралия, Греция, Канада, Ироқ, БАА, Кувайт, Миср, Ливан, Қатар, Саудия Арабистони.

Super.kg нашри хабарига кўра, Сузоқ тумани Благовешенка қишлоғида истиқомат қилувчи шахс Саудия Арабистонидан келганлардан бири тўй қилгани ҳақида хабар берган. 

«Ҳожи умрадан қайтганидан кейин тўй қилди. Кеча уни олиб кетишган, биз бу ҳақда фақат бугун билдик. Қишлоқда милиционерлар патруллик қилмоқда, биз кўчага чиқмаяпмиз ва нималар бўлаётганини билмаяпмиз», - деган у.

24.kg нашри Сузоқдагиларда вирус қайд этган шифокорлар суратини эълон қилган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Толо Исаковнинг маълумотига кўра, шу кунларда Бишкекка Саудия Арабистонидан яна 300 нафар ҳожи қайтиши кутилмоқда. Вазирлик уларнинг барчаси карантинга жойлаштирилишини маълум қилган.

Толо Исаков бутун мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этишга ҳозирча зарурат йўқлигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бундай чора фақат вирус оммавий равишда тарқала бошласа қўлланиши мумкин.

Қирғизистонда 16 мартдан бошлаб барча мактаблар ва олий таълим муассасалари 3 ҳафтага карантинга ёпилганди. Шунингдек, Қирғизистон ҳукумати коронавирус қайд этилган давлатларга борган хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйган.

Президентнинг миллатга мурожаати