Андижон вилоятида 50дан ортиқ киши карантинда – вилоят бош шифокори
Андижон вилояти Олтинкўл туман тиббиёт бирлашмасида 32 киши изоляцияда сақланмоқда. Улар коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан битта рейсда учиб келишган.
Вилоятда жами 50дан ортиқ киши карантинга олинган.
Бу ҳақда Kun.uz мухбирига Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов маълум қилди.
«Бугунги кун ҳолатига Андижон вилояти ҳудудида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар йўқ. Лекин хорижий давлатлардан келаётган андижонлик фуқароларни эҳтиёт чораси сифатида карантинга олиб, улар билан тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.
Олтинкўл ва Хўжаобод туманидаги юқумли касалликлар бўлимларида сўнгги тўрт кунда Туркиядан келган 14 нафар, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридан учиб келган 10 нафар ва турли давлатлардан келган 27 фуқароларимиз карантин назоратига олинди.
Мазкур фуқароларимиз ўз уйларига келиб, оила аъзолари билан мулоқотда бўлгани учун уларнинг хонадонларини ҳам карантин назоратига олдик.
Бу борада ишлар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, ички ишлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда олиб бориляпти. Ундан ташқари, патронаж хизмати вакиллари ҳам уйма-уй юриб, маҳаллаларда чет давлатлардан қайтиб келган фуқароларни аниқламоқда.
Хорижий давлатлардан келган фуқароларимизни карантин стационар шароитга олиш учун Хўжаобод ва Олтинкўл туманларидаги юқумли касалликлар бўлимларида карантин муассасаларини ташкил этганмиз. Мазкур муассасаларда карантинга олинган шахслар учун барча шароитлар яратилган.
Изоляцияга олинган фуқароларни назоратга олиш ва қўриқлашда Ички ишлар ва Миллий гвардия қўриқлаш бошқармалари ёрдам беряпти. Карантинга олинган фуқароларда 14 кун давомида бу коронавирус инфекцияси белгилари аниқланмаса, уйларига кетишлари учун рухсат берилади.
Таъкидлаб айтамиз, шу кунгача Андижон вилоятида коронавирус инфекцияси юқтирган беморлар аниқланмади», деди Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус беморлари сони 18 нафарни ташкил этмоқда.
17 март куни 7900 нафардан кўпроқ фуқаро карантинда бўлгани, улардан 5700 нафари карантин талабларини ўтаб, уйларига қайтгани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024