Жаҳон | 09:07 / 22.03.2020
27001
2 дақиқада ўқилади

Трамп Хитойни коронавирус хавфидан эртароқ огоҳлантирмаганликда айблади

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойни коронавирус хавфидан ўз вақтида огоҳлантирмаганликда айблаб, уни яширин давлат деб атади.

Фото: REUTERS/Jonathan Ernst

Трампнинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати АҚШни коронавирус оқибатларидан 2-3 ой олдинроқ огоҳлантириши керак эди. У бундай фикрни Оқ уйда журналистлар билан савол-жавоб вақтида билдирди.
 
“Мен бу давлатни, унинг етакчисини ҳурмат қиламан, у менинг дўстим. Улар бизни бундан эртароқ огоҳлантиришлари керак эди. Биз у [коронавирус] тарқала бошламагунча ҳеч нарса билмаганмиз”, деб айтган АҚШ президенти.
 
“Бизда бунга тайёр туришга вақт бўлмаган. Хитой, афсуски, жуда яширин давлат”, деб арз қилган Трамп.
 
Унинг таъкидлашича, Пекин томонидан “хавф ҳақида эртароқ огоҳлантириш” америкалик шифокорларга инфекциянинг мамлакат бўйлаб тарқалишига тайёргарлик кўришга имкон берган бўларди.

ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ разведка хизмати ҳукуматни январь ва февралдаёқ вирус авж олиши пандемияга айланиши мумкинлиги ва мамлакатга хавф солаётганидан огоҳлантирган. Тъакидланишича, Трамп Марказий разведка бошқармасининг Хитой ва дунёда вируснинг тарқалиши ҳақидаги ҳисоботларига ишонқирамай, Оқ уй вакиллари билан биргаликда расмий баёнотларда “хавфни камайтириб кўрсатишни” афзал билган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид