Жамият | 09:07 / 23.03.2020
27586
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда карантин туфайли ишламаётган ошхонага келган шахслар жанжал чиқарди

Мазкур ҳолат бўйича ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда

Иллюстратив фото

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 21 мартидан бошлаб барча ҳудудларда фаолият юритаётган кўнгилочар объектлар, шу жумладан, тунги клублар, чойхона ва ошхоналар коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилган. 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, шунга қарамасдан баъзи фуқаролар томонидан иш фаолияти вақтинча тўхтатилган умумий овқатланиш ошхоналарига келиб уни ишлатишни талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жиззах шаҳар “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро М.Н. ва Н.Ж. Шароф Рашидов тумани “Хайрабод” маҳалла фуқаролар йиғини, Буюк ипак йўлида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасига келиб овқат буюртма қилмоқчи бўлишади. Ошхона ошпази фуқаролар М.Н. ва Н.Ж.га ошхона карантин муносабати билан ишламаётганлигини тушунтиради. “Хўрандалар” буни тушунишни хоҳлашмайди ва натижада жанжал чиқаришади.  

Ошхона рўпарасида истиқомат қилувчи 2000 йилда туғилган фуқаро Ф.У ва укаси туман ХТБга қарашли 52-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси О.У. жанжални эшитиб чиқишади. Фуқаро М.Н. ўзи билан доимий равишда олиб юрган пичоғи билан О.У. ва акаси Ф.У.га тан жароҳат етказади.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид