Covid-19 тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чоралари кучайиб бормоқда. Kun.uz мухбири шу мавзуда аҳолини қизиқтираётган қатор саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков билан суҳбатда бўлди.

Жума намозини 3-4 киши уйда ўқиш мумкинми?

Ҳомиджон домла Ишматбеков

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Алҳамдуллилаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ! Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолар кенгашининг жамоат намозлари, ҳатто жума намозларини вақтинча тўхтатиб туриш бўйича фатвоси халқимизни, мусулмонларни юртимизга кириб келган вабодан сақлаш мақсадида қабул қилинди.

Жума намозлари, жамоат намозларини вақтинчалик тўхтатиш, уйларда ўқишлик тавсияси ҳамма учун.

Жума намозини 3-4 киши бўлсак ҳам, уйда ўқиб олсак бўладими, деган саволлар бизларга ҳам берилмоқда. Шу нарсани биз яна бир карра мўмин-мусулмонларга тушунтириб қўйишимиз керак бўладики, беш вақт намозни икки киши бўлса ҳам ўқиса, жамоат саналади. Уйида, ўз оиласи билан жамоат бўлиб ўқиса, нур устига нур.

Аммо, жума намозининг ўқилишида фақатгина жамоат ҳозир бўлиши кифоя эмас. Унинг алоҳида шартлари бор. Жума ўқиладиган жой катта бир жоме бўлиши керак. Жума намози ўқишга давлат томонидан ва муфтий томонидан рухсат бўлиши керак. Ўша рухсат берилган жойдагина, жума намози адо қилинади, деган шартлар бор.

Рухсат берилмаган жойда жума ўқилса, жумага ўтмайди, деган масалалар бор. Шунинг учун, фатвода очиқ-ойдин айтилдики, 3-4 киши эмас, 10 киши бўлса ҳам, келинг, бугун жума экан, унинг савобини топайлик, деб, жума намозини адо этса ҳам, у рухсатсиз ўқилган қаторига киради.

Пайғамбар алайҳиссолати васалламнинг бир ҳадислари бор:

«Соғлом одам, муқимликда қилаётган ибодатига Аллоҳ таоло қанча ажр берган бўлса, сафарга чиққанида ёки бемор бўлиб қолганида қилган ибодатига, соғлиғида, муқимлигида қилган мукаммал ибодатининг савоби берилади», – деганлар.

Аллоҳ, намозни ўтириб ўқияпти, руку-саждасини тўлиқ қилмаяпти, шунинг учун, бунга ярим савоб бераман, демайди. Чунки банда ўз ҳолатидан келиб чиқиб ибодатини адо этмоқда. Шунинг учун, хотиржам бўлишсинки, уйларида ёлғиз ўқиётган намозига, қани энди, масжид очиқ бўлса-ю, жамоатда ўқисам, деб ният қилиб турибдими, унга ўша 25та ёки 27та савобни беради. Чунки, банда ўз ихтиёри билан масжиддан ёки жумадан қолаётгани йўқ.