«Ҳукумат ва тиббиёт тавсияларига асосан, шаҳзод ва герцогиня (шаҳзоданинг рафиқаси Камилла Паркер Боулз Корнуальская) Шотландиядаги уйида карантинга олинган. Шаҳзоданинг кимдан вирусни юқтириб олгани маълум эмас, лекин сўнгги ҳафталарда омма олдига кўп чиққани ва ҳаддан зиёд кўп топшириқларни бажаргани туфайли коронавирус билан касалланган бўлиши мумкин», дейилади Вестминистр резиденцияси ахборотида.

Январда Хитойнинг Уҳан шаҳрида тарқала бошлаган коронавирус бугунга келиб дунёнинг аксар мамлакатларига кириб борди. Хитойнинг ўзида вирус чекинаётган бир вақтда Италия, Испания ва Эрон каби давлатлар коронавируснинг янги тарқалиш ўчоқлари айланган.

  • 25 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 190дан ортиқ мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 460 мингдан ошиб кетди, шундан 113 мингдан ортиқ киши тузалган, 21 мингга яқин киши вирус қурбонига айланган.

Вирусни юқтирганлар орасида дунёга танийдиган машҳурлар ҳам бор. Ҳа, вирус одам танламайди, унга нечта олтин медалингиз борлиги, неча марта «Оскар» мукофотини қўлга киритганингизнинг қизиғи йўқ. У ўзини эҳтиётламаган ҳар кимга юқаверади...

19 март куни Монако князи Альбер II коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Гримальди сулоласи вакиллари айни вақтда князнинг аҳволи яхшилигини билдиришган. Вирус Монако етакчисининг ҳаётига хавф солаётгани йўқ.

Монако князи Альбер II
© Pierre-Emmanuel Deletree/Pool Photo via AP

Шу ҳафтада Германия канцлери Ангела Меркель ҳам коронавирус эҳтимоли туфайли ўзини изоляция қилганди. Уни 20 март куни эмлаб қўйган шифокорда коронавирус тасдиқлангач, у шундай қарорга келган.

Ҳукумат расмийси Штеффен Зайбергнинг хабар қилишича, сўнгги кунларда у икки марта тест топширди ва икки сафар ҳам унда касаллик аниқланмади. Канцлер пайшанба куни «Катта еттилик» ва «Катта йигирматалик» саммитларида иштирок этишга тараддудланмоқда. Бу икки саммит видеоалоқа орқали ўтказилади.

Шунингдек, Европа Иттифоқининг ички бозор масалалари бўйича комиссари Мишель Барнье ҳам коронавирус юқтиргани маълум бўлди. Барнье Франциядаги ўз уйида карантинда ўтирибди. У европаликларни эҳтиёт бўлишга ва сабабсиз кўчага чиқмасликка чақириб, «вирусга қарши жангда фақат ҳамжиҳатликда ғалаба қозона олиш мумкинлиги»ни айтмоқда.