Италия ҳукумати эпидемиядан энг кўп жабр кўрган ҳудудларни ёпиб, оломон Ломбардиядан уйига, жанубга қайтиш учун поездларни ишғол қила бошлаганида мени биринчи марта корона-ваҳима босганди. Кимдир чипта билан, кимдир чиптасиз, кимдир коронавирус билан, яна кимдир соғ-саломат. Агар билмасангиз, айтиб ўтаман: Италия жанубида яшовчилар кейинги бир ярим аср давомида нафақат Америка билан Германияга, балки мамлакат шимолига ҳам оммавий равишда ишлаш учун кетишади. У ерда пул ва заводлар, яйлов ва боғлар ҳам ўша ерда. 

Кимдир бой Италиядан камбағал Италияга олиб келган вирусли зотилжам боис қишлоқ касалхонасига тушиб қолишдан аввалига қўрқмадим. Мен банкрот бўлишдан қўрқардим. Февраль ойи бошларида менга риэлтор қўнғироқ қилиб, лидони (Адриатикани Венеция лагунасидан ажратиб турувчи қумли ороллар занжири) 45 000 еврога таклиф қилди. Афтидан, бу қутулиш учун охирги имкон эди, бироқ мен буни билмагандим.

10 март куни охирги марта қишлоқда жойлашган учта бардан бирига охирги марта кирдим. Чой билан чизкейк сотиб олдим ва ўзимни ҳаммаси жойидадек кўрсатишга уриндим. Унчалик ўхшамади. Чунки барда бир ўзим эдим. Мен бар эгаларининг миннатдорона нигоҳлари остида мардларча торт еб, чой ҳўплаётганимда Италия ҳукумати янги декрет чиқарди. Эртасига Италиядаги барча бар ва ресторанлар ёпилди.

Эндиликда уйдан фақатгина супермаркетга ва ишга - агар ўша иш қолган бўлса - чиқамиз. Кеча газ сотувчи Антонио менга учта баллон келтириб берди. Унинг асосий бизнеси мебель дўкони, унинг айтишича, ҳозирда аҳолининг мебелга бўлган эҳтиёжи нолга тенг. Сўнгги икки ҳафта давомида уйимга яқинлашган иккинчи одам - қўшним Кармело. У ҳар куни чўчқа боқиш учун келади. У шунингдек, алюминий ромлар ишлаб чиқаради ва сотади... Узр, сотарди. Яқин келажакда одамларга ромлар мебелдан ҳам камроқ керак бўлади.

Савдо ҳали уни тўхтатиш тўғрисида фармон чиқмасдан туриб тўхтаганди. Фақат дорихона ва озиқ-овқат дўконларигина тирик қолди. Энди Кармелонинг бор умиди мана шу чўчқасидан. Бу офат тугаганида на у ва на бошқаси барда кун бўйи ўтиради. Шунчаки ҳеч нарсага пул қолмайди.

Уйда ўн кун ҳаво-томчи таҳдидидан яшириниб ўтирдим. Ниҳоят, супермаркетга боришни чўзмаслик кераклигини тушундим. Ҳозирда учта қишлоқда атиги иккита ижобий тест чиққан, аммо доим шундайлигича қолмайди. Ўзимга ниқоб тикдим, интернет маслаҳат берганидек ичига мато жойладим, юзимга тақдим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидан рухсат қоғозини принтерда чиқариб олдим (бу қоғозсиз 206 евро жарима тўлашга тўғри келади) ва озиқ-овқат сотиб олишга чиқдим.