Жамият | 14:01 / 29.03.2020
8957
2 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ органларида никоҳни қайд этиш вақтинча тўхтатилди

Фуқаролар ЯИДХП орқали (my.gov.uz) никоҳни қайд этиш учун онлайн ариза топшириши мумкин, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева 29 март кунги брифингда шу ҳақда маълум қилди.

«Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан 2020 йилнинг 25 мартдан бошлаб Адлия вазирлиги тизимидаги ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга оширилади.

ФҲДЁ органларида никоҳни қайд этиш карантин тугаганидан сўнг амалга оширилади.

Фуқаролар ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали никоҳни қайд этиш учун онлайн ариза топширишлари мумкин», – деди Адлия вазирлиги вакили.

Никоҳдан ўтиш учун топширилган тиббий кўрик натижалари муддати ўтиб кетмайдими?

«Никоҳни қайд этиш аризаси қабул қилинган кундан бошлаб 4 ойи мобайнида никоҳ қайд этилиши мумкин, бунда тиббий кўрикка берилган йўлланма асосида ўтилган маълумотнома етарли бўлади. Маълумотноманинг (тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисида) амал қилиш муддати – 3 ой», деди Севара Ўринбоева.

Мавзуга оид