Бугун, 30 март куни президент Шавкат Мирзиёевга фармон лойиҳаси юзасидан ахборот берилди.

«Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ҳужжат пандемиянинг мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатишга қаратилган навбатдаги имтиёзлар, преференциялар ва бошқа муҳим чора-тадбирларни назарда тутади.

Президентимиз фармон лойиҳасига ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотларини кўпайтириш ва нархлари ошишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағлари камайиб кетишининг олдини олиш, уларга қўшимча солиқ имтиёзлари тақдим этиш каби бир қатор аниқ чораларни киритиш зарурлиги ҳақида масъулларга топшириқ берди», – дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Фармон лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони 20 март куни эълон қилинган эди.

Фармон билан, Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши жамғарма тузилиб, унга 10 трлн сўм ажратилиши белгиланди.

Коронавирусга қарши чоралар: Президент фармонида нималар кўзда тутилган?