Иқтисодиёт | 13:19 / 01.04.2020
22112
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инфляция бир ойда 1,3 фоизга тезлашди

Март ойи давомида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача ўсиш суръати 1,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Инфляция даражаси январь ва февраль ойларида мос равишда 0,6 ва 0,8 фоизга тенг бўлганди.

Шу тариқа, 2020 йилнинг дастлабки чорагида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 2,8 фоизга кўтарилди.

Йиллик даврда эса (2019 йилнинг мартига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 13,6 фоизни ташкил қилди.

Нархлар ва тарифларнинг ошиши энг кўп озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида кузатилди – 1,9 фоиз. Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,9 фоизга, хизматлар эса 0,8 фоизга ошди.

Таққослаш учун, 2019 йил мартида ҳам нарх ва тарифларнинг ўсиши бўйича етакчилик озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлган, нархлар ой давомида 1,5 фоизга қимматлашган эди. 2019 йил мартида ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,8 фоизга, хизматлар эса 1,2 фоизга ошган.

Умумий ҳисобда, 2020 йилнинг I чораги давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 4,3 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,7 фоиз, хизматлар 1,5 фоизга юқорилади.

Таққослаш учун, 2019 йилнинг дастлабки уч ойида нарх ва тарифлар кўтарилиши озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳларида равишда 6,4 фоиз, 2,4 фоиз ва 2,5 фоизга тенг бўлганди.

2019 йилнинг март ойига нисбатан озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 16,4 фоизга қимматлашди.

Кузатилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари ичида март ойи давомида мева-сабзавотлар (5 фоиз), гўшт, парранда гўшти ва балиқ (1,7 фоиз), ёғ ва мойлар (1,3 фоиз), нон (1,2 фоиз) ҳамда сут маҳсулотлари сезиларли даражада қимматлашди.

2019 йилнинг охирига нисбатан эса, мева ва сабзавотлар (12,5 фоиз), шунингдек гўшт, парранда гўшти ва балиқ (4,1 фоиз) маҳсулотлари нархида сезиларли ўсиш кузатилди.

Мавзуга оид