#uydatalimolyapman лойиҳаси орқали мустақил равишда турли ёрдамчи воситалар – онлайн манбалар, телевизион дарслар ёрдамида билим олаётган мактаб-лицей ўқувчилари ва талабаларнинг кун тартиби билан таништириб борамиз.

Сиз ҳам ўз дарс тартибингизни ишлаб чиққан бўлсангиз, бу ҳақида бизга @uydatalimolbot манзили орқали маълумот юборишингиз (имкон бўлса, расмлар ва видеолар билан) мумкин.

Лойиҳанинг биринчи қаҳрамони – Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2-босқич талабаси Мирали Ғиёсов.

«Карантиннинг фойдали тарафлари ҳам бор...»

Мен – Мирали Ғиёсов, айни пайтда талабаман. Карантин даври менга кўп нарсани ўйлаб кўришга, режалаштиришга ёрдам беряпти.

Дунёда содир бўлаётган ҳар бир жараёнда бир ҳикмат бор ва ҳаммаси Аллоҳ иродаси билан юзага чиқади.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси кўпчиликнинг ўқиш фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бироқ таълим олишни чин дилдан хоҳлаганлар учун таълим муассасасига бориш ҳам шартмас.

Чунки, менимча, ОТМлар фақат йўналтирувчи вазифа бажаради.

Назаримда, карантиннинг ҳам фойдали жиҳатлари ҳам сезиляпти. У олдин қилишга вақт жиҳатдан имконсиздай туюлган ишларни бажариб олишга ёрдам бермоқда.

«Менинг кун тартибим…»

Карантинда кун тартибимни режалаштиришда, энг биринчи, қайси пайтда уйғонишимни аниқ белгилаб олганман. Ўзимга қулай соатда уйғонгач, керакли вазифаларни, уй юмушларини тугатиб оламан.

Сўнг ўз режам бўйича ишлашни бошлайман.

Бизга университетда «Жаҳон адабиёти» фани ўтилади. Қамрови жуда кенг бўлишига қарамай, бу фан фақат бир семестр – 6 ойга мўлжалланган.

Мазкур фанда биздан жуд кўп бадиий адабиётлар билан танишиб чиқиш сўралади. Ҳозир айни шу фан доирасида тавсия қилинган асарларни ўқиш билан бандман.

Янгиликларни ҳам доимий кузатиб боряпман

Ҳар куни ўзим режа қилган бетгача битта илмий ва битта бадиий китобни мутолаа қилиб бўлганимдан сўнг интернетдан ўзим қизиққан мавзуда янгиликларни ва таҳлилий мақолаларни топиб ўқийман.