Ўзбекистон | 17:20 / 02.04.2020
129535
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг яна 13 нафари тузалди

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 12 нафар, Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада 1 беморга жавоб берилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай соғайгани тўғрисида маълумот берди.

Маълум қилинишича, бугун коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 12 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиқишган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Коронавирус инфекцияси хасталигидан тузалган фуқароларнинг 1 нафари жорий йил 13 март куни Истанбул – Тошкент йўналишидаги рейсда, яна 1 нафари эса шу йил 18 март куни Москва – Тошкент йўналишидаги рейс билан мамлакатига келган. Қолган 11 нафар киши эса коронивирус инфекциясига чалинган фуқаролар билан мулоқотда бўлишган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан жами соғайганлар сони 25 нафарга етди.

«Ушбу қувончли воқеа замирида фидойи ва малакали тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси бор. Коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда, юртимиз шифокорлари саросимига тушмасдан, ўз қасамёдларига содиқ ҳолда пандемия билан курашишдек катта масъулиятни зиммаларига олишди. Бор билим ва тажрибасини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашишга киришдилар ва самарали натижаларга ҳам эришмоқдалар», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид