Жаҳон | 10:18 / 03.04.2020
16746
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко коронавирусга қарши курашда ўз тавсияларини берди

Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирусга қарши курашда ёғли таомлар ейишни, спорт билан шуғулланишни ва кўпроқ очиқ ҳавода бўлишни тавсия қилди. У, шунингдек, вирус тарқалиши олдини олишда ўзини изоляциялаш сиёсатини танқид қилди. 

Фото: Михаил Климентьев / РИА Новости

Лукашенко бундай тавсияларни “Мир” телекомпаниясига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Кеча бир ақлли россиялик вирусга қарши жисмонан курашиш кераклигини гапирди. Мен қандай қилиб жисмонан, деб ўйладим. Ўзини хавфдан сақлаш лозим. Спорт билан шуғулланиш ва очиқ ҳавода кўпроқ бўлиш зарур. Ўпкаларга ёрдам бериш керак”, деб айтган Лукашенко.

“Ўша одам биз парҳезда ўтиргандик, аксинча, ёғли таом ейиш керак, деб айтди. Мен ҳам ўзимни бу борада чеклардим. Ҳозир эса сметана ёғини ейиш керак экан, аниқланишича, ёғ ўпкага вируслар билан курашишда ёрдам беради. Агар мутахассис, олим гапираётган бўлса, аҳмоқ эмасдир. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб, бу олимнинг гапларини қўллаб-қувватлайман”, деб қўшимча қилган Беларусь президенти. 

Лукашенко айнан қайси россиялик олимнинг интервьюсини тинглаганига аниқлик киритмаган. Сўз ўрнида шуни айтиш керак, Лукашенко эсга олаётган олим Россия тиббиёт-техника фанлари академияси академиги Павел Евдокименко бўлиб, у коронавирусга қарши курашда ҳайвон ёғларини, жумладан сариёғни фаол истеъмол қилишни таклиф қилган.

Лукашенко, шунингдек, ўз уйида қолиш бўйича чораларни танқид қилган. Унинг таъкидлашича, “ҳаттоки уруш замонларида ҳам бундай бўлмаган”. Унинг фикрича, ўзини изоляциялашсиз одамлар вирусни оёқда ўтказган бўлардилар, бунинг ўрнига эса ўз оила аъзоларини зарарламоқдалар. 

Унинг таъкидлашича, Беларусь пойтахти Минскда ўзини изоляциялаш бўйича чоралар жорий қилиш муаммо эмас, бироқ бунинг оқибатлари салбий бўлиши мумкин. 

Аввалроқ Беларусь президенти коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятни “психоз” деб атаганди. Унинг таъкидлашича, мамлакат учун мавсумий инфекциялар каттароқ муаммо ҳисобланади.

17 март куни Лукашенко коронавирус билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериш вақтида қўлларни тез-тез ювишни, вақтида нонушта, тушлик ва кечки овқат қабул қилишни, ҳаммомга боришни таклиф қилган.

Мавзуга оид