Ўзбекистон | 13:00 / 06.04.2020
61588
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ҳам вирус аниқланган. Аввалроқ Тўрткўлдаги тўйда қатнашган қозоғистонлик аёл касаллангани маълум бўлганди

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Айни вақтда беморларнинг аксар қисми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида аниқланган. Фарғона вилояти эса коронавирусга чалинганлар сони бўйича Тошкентдан сўнг биринчи ҳудудга айланган.

«Айни пайтда Тошкент шаҳрида 170 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор даволанмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 2, Андижон вилоятида 61, Бухоро вилоятида 19, Наманган вилоятида 48, Фарғона вилоятида 64, Хоразм вилоятида 18, Қашқадарё вилоятида 6 ҳамда Навоий вилоятида 2 нафар бемор ҳудуддаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанишмоқда. Беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стандартлар асосида даво муолажалари олиб борилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

6 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳолатлар сони 390 нафарни ташкил этмоқда. Беморларнинг 188 нафари эркак, 202 нафари аёллардир.

Эслатиб ўтамиз, март ойи охирида Ўзбекистондаги тўйда қатнашган қозоғистонлик аёлда коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Кейинроқ Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қозоғистондан 14 март куни келган меҳмонлар 18 март куни тўй маросимида қатнашгани, жами 20 нафар қозоғистонлик 25 март куни Ўзбекистон ҳудудини тарк этгани, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида ушбу шахслар билан кўришган фуқаролар аниқланиб, карантинга олингани ҳақида маълумот берганди.

Мавзуга оид