Жаҳон | 08:40 / 07.04.2020
35679
2 дақиқада ўқилади

Лукашенконинг Беларусда карантин киритмаётгани сабаби тушунтирилди

Беларусь президенти Александр Лукашенко коронавирус тарқалиши ортида мамлакатда фавқулодда вазият ва карантин режимларини киритишни истамаяпти, чунки у “халқ учун сиёсий жавобгарликни ўз зиммасига олган”.

Фото: РИА Новости

Бундай фикрни шифокор ва телебошловчи Евгений Комаровский билдирди.

Комаровскийнинг айтишича, ҳозирда барча давлатлар Беларусдаги вазиятни кузатмоқда ва “у ерда фалокат юз беришини орзу қилади”.

“Чунки бу уларга мисол бўлиб хизмат қилади: мана қаранг, у ерда қандай қирғин, биз эса шоввозлар, бизда бу йўқ”, деб айтган мутахассис Big Money шоуси эфирида.

Шифокор Беларусь президенти томонидан фавқулодда вазият ва бошқа қатъий чоралар киритмаслик қарори биргина унинг қарори бўлмаганини айтган. “Унинг олдида шифокорлар, эпидемиологлар, фанлар академияси бўлган. Ва улар Лукашенкога маслаҳат беришганда, агар бирор нарса нотўғри кетса, терилари шилиб олинишини билганлар”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Коронавирус тарқалиши ортида аксарият давлатлар хорижликлар учун ўз чегараларини ёпиб, фавқулодда вазият киритди. Беларусь бу вазиятда чегараларни ёпмаган, бироқ республикага келаётган барча транспорт ортидан назоратни кучайтирган. Шунингдек, ҳукумат коронавирус авж олган давлатлардан келган фуқароларга  14 кун уйда карантинда қолишни буюрган.

Лукашенко апрель бошида республикада бошқа давлатларга ўхшаб фавқулодда вазият киритиши ва президент сайловлари олдидан “ўзини кўрсатиши” мумкинлигини айтган, бироқ у “бу ўйинларни ўйнашни” истамайди. Унинг таъкидлашича, Беларусь пандемиядан “саросимага тушмаган”.

Мавзуга оид