Жамият | 16:27 / 08.04.2020
8305
3 дақиқада ўқилади

Танқидга жавоб: «Бойсун – Оққапчиғай» сел йўлини тузатиш учун 2 млрд 170 млн сўм ажратилади

Kun.uz сайтида 2020 йилнинг 6 апрелида эълон қилинган «Қумқўрғондаги жар ямлаётган қишлоқ: уйлар вайрон бўлишда давом этмоқда» сарлавҳали мақола юзасидан Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ўз муносабатини тақдим этди.

Фото: KUN.UZ

Мақолада Қумқўрғон туманидаги Оқтом қишлоғидан ўтувчи Оққапчиғай селгасидан оқаётган сел оқимлари тупроқни ювиб юбориб, жарлик ҳосил қилаётгани, тупроқ ўпирилиб, тобора тураржойлар томон яқинлашиб келаётгани ҳақида баён қилинган.

Ушбу масала юзасидан Қумқўрғон туман ҳокими Р.Гаппаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи 2020 йилнинг 4 апрелида «Оқтом» маҳалласи фуқаролари билан учрашган эди.

«Оқтом» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Бойсун – Оққапчиғай» сел йўлининг 600 метр узунликдаги ўзанини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш учун жорий йилда Республика бюджет маблағидан 2 миллиард 170 миллион сўм ажратилиши режалаштирилган. Ушбу маблағларнинг ажратилиши Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 607-сонли буйруғи ҳамда ҳукумат комиссиясининг 2020 йил 19 мартдаги 1-сонли йиғилиш баёнида келтирилган.

Туман ҳокимлиги томонидан хавфсиз жойга кўчирилиши лозим бўлган аҳоли учун 90-дала контуридан туман ҳокимлиги захирасидан ҳар бир хўжаликка 0, 15 га ер майдони ер ажратиб бериш тўғрисидаги таклифи фуқаролар томонидан бир неча бор рад этилган.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 28 ноябрида туман ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Молия вазирлиги иштирокида тузилган «Мулкдорларга тавон пулларини қонун ҳужжатларига мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний тўланишини назорат қилиш бўйича» ишчи гуруҳига 309/01-36-сонли хат чиқариб, 5та хўжалик турар жой бинолари учун 582 млн 644 минг 888 сўм миқдорида баҳоланган компенсация тўловларини тўлаб беришни сўраган.

2020 йилнинг 7 апрелида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов топшириғига биноан ўрганган ишчи гуруҳ «Оқтом» маҳалла фуқаролари билан учрашиб, компенсация пулини тўлаб бериш ва сел ўзанини ўзгартириш бўйича зарурий чоралар белгиланди.

Қумқўрғон туман ҳокими — Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2020 йилнинг 1 апрелдаги буйруғига асосан 5–15 апрель кунлари «Оқтом» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Бойсун – Оққапчиғай» сел йўлининг ўзанини тўғрилаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш бўйича махсус тактик ўқув машқлари ўтказилади», — дейилади Қумқўрғон туман ҳокимлигининг Kun.uz сайтига йўллаган муносабатида.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид