Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Бу қарор лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама ва танқид қилиниб, яширин иқтисодиётнинг «гуллаб-яшнаши»га олиб келиши мумкинлиги айтилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу масала юзасидан ўз муносабатини билдиради.

Aксарият хорижий мамлакатлар тижорат банкларида AML («Anti-Money Laundering» – «Пул ювишга қарши кураш) ва KYC («Know Your Customer» – «Ўз мижозингни бил») тизимлари ишлайди. Тижорат банклари улардан фойдаланиш жараёнида шубҳали операцияларни таҳлил қилади ва ноқонуний пул оқимлари белгилари аниқланса, бу ҳақда солиқ идораларига ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш органларига хабар беради.

Ўзбекистонда солиқ органлари тижорат банкларидан бундай маълумотларни олмайди. Бу борада назорат йўқлиги «яширин иқтисодиёт»нинг пайдо бўлиши ва ривожланишининг асосий омилларидан биридир.

2020 йил январь ойининг ўзида сотувдан тушган даромадлари камайган 185та корхона таҳлил қилинганда, жисмоний шахсларнинг тўлов карталари орқали 6,3 млрд. сўм миқдорида товар айланмаси борлиги аниқланди. Шунча вақт давомида улар 27519та транзакцияни амалга оширган. Бунда солиқ тўлашдан бўйин товлаш фактлари мавжуд бўлиб, ушбу сумма ҳеч қандай расмий ҳужжатларда акс эттирилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда парламентга қилган мурожаатида «Ислоҳотларимизга жиддий тўсқинлик қилаётган «яширин иқтисодиёт»га барҳам берилмас экан, соғлом рақобат ҳам, қулай инвестиция муҳити ҳам шаклланмайди» деб таъкидлаган эди. Буни инобатга олган ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ДСҚ ва МБнинг қўшма қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу ҳужжат нима учун ишлаб чиқилди?

Aсосий мақсад - тадбиркорлар солиқларни тўлашдан бош тортмасдан қонуний фаолият олиб боришини таъминлашдир. Р2Р ( жисмоний шахс картасидан бошқа картага) ёрдамида пул операцияларини амалга оширадиган ва ўз фаолиятини қонунийлаштирмаган «ишбилармонлар»нинг назоратсиз иштироки уларга рақобатчиларидан устунликларни беради, шунингдек тайёр маҳсулот нархига ҳам таъсир қилади. Бу ўз навбатида, солиқ мажбуриятларини мунтазам равишда бажарадиган ҳалол солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини бузади.