АҚШда чоршанба куни ҳам, қаторасига иккинчи куни қарийб 2 минг киши коронавирусдан зарарланиш оқибатида вафот этди. Америка ҳукумати вирусдан зарарланишнинг энг юқори нуқтасидан ўтилиши яқин эканига умид қилмоқда, президент Дональд Трамп эса «туннел охирида ёруғлик кўринаётгани»ни айтиб ўтган.

Бу вақтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебреисус барча мамлакатларни вазиятни сиёсийлаштирмасдан, вирусга қарши биргаликда курашишга чақирмоқда.

Аввалроқ Трамп ЖССТни коронавирус пандемияси ҳақида эълон қилишни жуда кечиктиришда ва асосий эътиборни Хитойдаги вазиятга қаратишда айблаб чиққанди.

Британияда бир кунда қарийб 900 қурбон

Айни вақтда коронавирусдан зарарланиш туфайли шифохонага ётқизилган бош вазир Борис Жонсон ўрнига вақтинча ҳукуматни бошқараётган Ташқи ишлар вазири  Доминик Рааб мамлакатда вирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни эълон қилди.

EPA

Унга кўра, Буюк Британияда Covid-19 яна 881 кишини ҳаётдан олиб кетди ва мамлакатда коронавируснинг жами қурбонлари сони 7 978 нафарга етди. Вирусдан зарарланиш ҳолатлари 60 мингдан ошган. 

Пайшанба кунги ўлимлар сони чоршанба кунгидан камроқ - ўтган куни 938 киши коронавирус қурбонига айланганди.

Раабнинг сўзларига кўра, қурбонлар сони бундан кейин ҳам ўсишда давом этиши мумкин, аммо 23 март куни ҳукумат томонидан жорий этилган карантин чоралари вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Унинг айтишича, бу чоралар Британия вирус авж олиши чўққисидан ўтмагунча сақлаб қолинишини маълум қилган. Вазир ҳозирча чўққидан ўтилмагани, лекин умидлар пайдо бўлгани, чунки шифохоналарда сунъий нафас олиш аппаратига эҳтиёж сезаётган беморлар сонида юқори темпда ўсиш кузатилмаётганини қайд этиб ўтган.

Рааб матбуот анжуманини бош вазир Борис Жонсоннинг аҳволи ҳақида маълумот бериш билан бошлаган. «У ҳамон интенсив терапия бўлимида қолмоқда, аммо унинг аҳволи яхшиланган, кайфияти ҳам яхши», деган Доминик Рааб.

Молия вазири Риши Сунак ҳам Жонсон «тўшакда ўтирган ҳолда тиббий ходимлар билан мулоқот қилаётгани» тўғрисида айтиб ўтганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Жонсон интенсив терапия бўлимидан оддий палатага ўтказилган.