Ўзбекистон | 18:29 / 11.04.2020
6197
2 дақиқада ўқилади

Карантин даврида банкоматлар узлуксиз ишлайди, уларни нақд пул билан таъминлаш доимий назоратга олинган – Марказий банк

Карантин даврида республиканинг барча ҳудудларида ўрнатилган 5100 та банкоматнинг узлуксиз иш фаолияти ҳамда доимий нақд пул маблағлари билан таъминланиши мунтазам назоратга олинган.

Акмал Назаров / Фото: АОКА

Бу ҳақда Марказий банкнинг Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаров 11 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

“Ижтимоий тармоқда айрим фуқаролар томонидан банкоматларга “Банкомат ишламайди” ёки “Карантин” деган ёзувларни ёпиштириб кетилаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган. Бироқ Марказий банкнинг расмий коммуникация каналларига бугунги кунга қадар фуқаролар томонидан банкоматларга “Банкомат ишламайди” ёки “Карантин” деган ёзувли қоғозларни ёпиштириш ҳолатлари ҳақида хабарлар келиб тушмаган.

Келгусида бу каби ҳолатлар юзага келган тақдирда банкоматларга хизмат кўрсатувчи банклар ёки Марказий банкнинг ягона ишонч телефони – 71-200-00-44 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

Шу ўринда фуқароларга маълум қиламиз: ҳозирги кунда республиканинг барча ҳудудларида (Humo ва Uzcard) тўлов тизимларининг жами 5 100 дона банкоматлари банк инфратузилмалари ва аҳоли гавжум бўлган жойларга ўрнатилган. Мазкур банкоматларнинг узлуксиз иш фаолияти ҳамда доимий нақд пул маблағлари билан таъминланиши мунтазам назоратга олинган.

Ўз навбатида, фуқаролардан банкоматлар орқали нақд пул маблағларини олишлари учун оралиқ масофани сақлаш, банкоматларга зарар етказмаган ҳолда фойдаланиш ҳамда кенг аҳоли манфаатларини ўйлаб, банкоматларга турли асоссиз ёзувли қоғозларни ёпиштирмасликлари сўраб қолинади” дея Акмал Назаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марказий банк вакили нақд пул ўзида вирусни сақлаш хусусиятига эгалиги боис, ундан имкон қадар камроқ фойдаланишни, харидларни пластик карталар ёрдамида амалга оширишни, шунда ҳам пластик картани тез-тез дезинфекция қилиб туришни тавсия этди.

Мавзуга оид